Тожикистонлик 5 боланинг онаси Парвина Саидова Астанадаги гўзаллик танловида ғолиб бўлди

11:57, 11 ноябрь

Беш фарзанднинг онаси, бир қанча гўзаллик танловларининг ғолибаси бўлган тожикистонлик модель Франция  пойтахтини забт этиш учун йўл олди, деб хабар берди “Sputnik-tj.com” нашри.

Тожикистонлик модель Парвина Саидова Астана шаҳрида ўтказилган Miss World Beauty гўзаллик танловининг ғолибаси бўлди. У Mrs International-2016 номинацияси бўйича тожни қўлга киритди. Бу танловда дунёнинг турли мамлакатларидан бўлган 120 нафар модель иштирок этди. Ҳакамлар ҳайъати уларни ташқи қиёфасига, вокал ва хореографиядан хабардорлигига, миллий либосларига қараб баҳолади. 

 

27 ёшли Парвина Тожикистоннинг “Sputnik” нашрига берган интервьюсида, ғалаба қозонишига ишонмаганлигини тан олди. Бу ғалаба Парвина учун халқаро гўзаллик танловларига чиқиш учун йўл очди. У илгари танловда қатнашиш учун 700-800 евро бадал тўлаган бўлса, энди бу тўловдан озод қилинди.

 

 

Бундан икки йил муқаддам, Парвина 25 ёшда бева қолган. Бошига тушган бу мусибат нафақат шахсий ҳаётига, балки карьерасига ҳам ёмон таъсир қилган. У бу ҳақда шундай деб эслайди: “Турмуш ўртоғим вафот этгандан кейин, 5 бола билан ёлғиз қолдим. Нима қилишни, бундан буёғига қандай яшашни билмай, депрессияга тушиб қолдим. Шунда яқин дугоналаримдан бири бўлган, тожик шоираси Шоира Раҳимжон менга актёрлик маҳоратидан дарс берувчи шахсий Академияга ўқишга боришни тавсия қилди, депрессиядан чиқишимга ёрдам берди”.

 

 

У ўқишга бориб, бир ҳафта ўқимасиданоқ, “Тожикфильм”да суратга олиниши режалаштирилган фильм кастингига таклиф этилди. Барча талабгорлар ичидан айнан у танланди. Шундан сўнг тожикистонлик машҳур хонандаларнинг ҳам клипларида суратга тушди. Кейинчалик  “Новая эра” моделлик агентлиги билан шартнома тузди. 2016 йилнинг апрель ойида Одессада ўтказилган модалар ҳафталигида Top Model — 2016 унвонига сазовор бўлди.











 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!