Соч ўстиришнинг 8 усули

12:37, 11 ноябрь

Сочнинг ўсиш тезлиги бизнинг генимиз ва турмуш тарзимиз билан бевосита боғлиқлигини унутмаслик керак. «Сочим нега секин ўсаяпти?» деган саволни беришдан аввал таомномангиз ва парваришловчи воситаларингизни кўздан кечиринг... Асосийси, муаммога ҳар томонлама ёндашинг! 

1. Тўғри овқатланинг! 
Табиий ва сифатли маҳсулотлар (мева, сабзавот ва ёрмалар)ни истеъмол қилинг. Ана шунда организм соч ўсиши учун керакли витаминларни овқат орқали қабул қилади. 

2. Эҳтиёт бўлинг! 
Кимёвий  жингалак ёки водород пероксиди билан «ювилган» сочлар секин ўсиши табиий ҳол. Бундан ташқари, соч бўёғи, лаки ва муссидан ҳамда фен, дазмол каби воситалардан тез-тез фойдаланиш ҳам жараённи секинлаштиради. 

3. Соч «гулламасин» 
Сочларни учидан бир ярим-икки ойда қирқтириб туриш ҳам уларнинг тезроқ ўсишига таъсир кўрсатади. Чунки соч учидан гуллаб борса,  уч қисми синувчан бўлиб қолади. Натижада сочнинг ўсгани асло сезилмайди. 

4. Бошингизни уқаланг! 
Ҳар куни камида 10 дақиқа вақтингизни бошни уқалаш учун ажратишга одатланинг. Бу билан бошда қон айланиш жараёни тезлашиб, соч фолликула (илдиз)лари керакли миқдорда фойдали моддалар билан таъминланиб, соч ўсишига сабаб бўлади. 

5. Ханталли ниқоб 
Қуруқ хантал кукунидан 2 ош қошиқ олиб, 2 чой қошиқ шакар, битта тухум сариғи ва 2 ош қошиқ қайноқ сувни аралаштириб, тайёр ниқобни қуруқ соч илдизига суртиб чиқилади. Сочнинг қолган  қисмига эса кунгабоқар мойидан суртиш лозим. Агар ниқоб бош терисини ачиштираётган бўлса, илиқ сувда ювиб ташланг. Кейинги сафар ниқобни тайёрлаётганингизда камроқ шакар солиб, кунгабоқар мойидан қўшинг. Бу муолажани ҳафтасига 1 марта 30 дақиқадан оширмасдан бажариш лозим. Акс ҳолда соч қуруқлашиб, қазғоқ пайдо бўлиш эҳтимоли бор. 

6. Никотин кислотаси
Никотин кислотасини тамаки таркибидаги заҳарли никотин моддаси билан асло адаштирманг. Бош терисида қон айланишини яхшилаш ва соч илдизини мустаҳкамлаб, ўсиши учун 2 дона никотин кислотаси ампуласи (дорихоналардан топиш мумкин) ва 1 ош қошиқ алоэ ўсимлигининг шарбати аралаштиринг. Ниқобни нам сочларнинг илдизига суртинг. 1,5 соатдан кейин илиқ сувда ювинг. Бу ниқобдан ҳафтасига бир маротаба фойдаланган маъқул. 

7. Қалампир дамламаси 
1 ош қошиқдан қалампир дамламаси (исталган дорихонадан топиш мумкин), чакамуғ мойи (репейное масло), лимон шарбати ва асални аралаштириб, битта тухум сариғи қўшинг. Ниқобни соч илдизидан бошлаб учига қадар суртинг. Полиэтилен қалпоқ кийиб, устидан сочиқ ўраб олинг ва 1 соат давомида мана шу ҳолатда юринг. Илиқ сувда шампунь билан ювган маъқул. 

8. Канакунжут мойи 
Бу мой таркибида ёғли кислоталар мавжуд бўлиб, соч илдизи ва толасини озиқлантириш учун фойдали ҳисобланади. Бунинг учун бир ҳафтада бир маротаба мойни қуруқ сочларга илдизидан то учигача суртиб, 30 дақиқа давомида бошда ушлаб турилади. Мой сочдан тез ювилиши учун илиқ сувда биринчи кондиционер, ундан сўнг эса шампунь билан ювган яхши. 

Факт
Инсон соч толаси бир ойда ўртача 1,25 см.га ўсади. Бироқ организмнинг турфа хиллигини инобатга олинганда кимникидир 3 см.га, кимникидир эса 1 см.га ўсиши мумкин. Болаларнинг сочи бир ойда 13 мм. ўсади. Ёш улғайгани сари соч ўсиш жараёни секинлашиб боради ва кўрсаткич бир ойда 1 см.ни ташкил қилади. Шундан келиб чиқиб, соч ўсиши бевосита ёш билан боғлиқ деган хулоса келиб чиқади. Бундан ташқари, ирқ ҳам муҳим аҳамият касб этади. Масалан, монголоид ирқидаги инсонларнинг сочи узунроқ, қалин ва соғломроқ бўлиши исботланган.   

Соч ўсиш тезлигига таъсир кўрсатиш учун аввало ўсиш жараёнини ўрганиш зарур. Тунга нисбатан кундузи сочлар тезроқ ўсади. Йилнинг иссиқ фаслларига қараганда, куз ва қиш фаслларида секинроқ ўсиши кузатилган. Сутканинг 14-16- соатларида айниқса соч толасининг доимгидан тез ўсиши маълум бўлган.  

Газетамизнинг кейинги сонларида соч ўстиришнинг замонавий косметологик усуллари — мезотерапия, крио уқалаш, лазерли терапия, термосауна каби муолажалар ҳақида маълумотга эга бўлишингиз мумкин. Ўтказиб юборманг!

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!