Хотамжон Кетмонов жиззахлик сайловчиларни сайловолди дастури билан таништирди

14:39, 11 ноябрь

Бугун Ўзбекистон Республикаси президентлигига Ўзбекистон ХДПдан кўрсатилган номзод Хотамжон Кетмоновнинг Жиззах вилоятидаги сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Жиззах шаҳридаги Жиззах махсус индустриал зонаси маъмурий биноси конференциялар залида бўлиб ўтган учрашув, бир вақтнинг ўзида вилоятнинг барча туманларидаги сайловчилар билан видео-конференция шаклида ташкил этилди.

Тадбирни Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати, Жиззах тумани транспорт ва саноат касб-ҳу нар коллежини директори Қурақбой Эргашев очди ва олиб борди.

Даставвал, номзоднинг ишончли вакили Носир Сиддиқов сўз олиб, Хотамжон Кетмоновнинг таржимаи ҳоли билан йиғилганларни таништирди.

Шундан сўнг,  сўз Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод – Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, партия фракцияси раҳбари Хотамжон Абдураҳманович Кетмоновга берилди.

Хотамжон Кетмонов дастлаб, Жиззах вилоятида мустақиллик йилларидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар, вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ҳақида тўхталиб, 2013 йилда ташкил этилган  «Жиззах» махсус индустриал зонаси нафақат   вилоят балки, республика иқтисоди учун, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош бўлган маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича замонавий, юксак технологияли ва инновацион ишлаб чиқаришларни барпо этиш мақсадидаги энг муҳим лойиҳа эканлигини ҳақида сўзлади.

Номзод ўз Сайловолди дастури билан йиғилганларни таништирар экан, дастур, аввало, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ғоя ва дастурий мақсадларига, хусусан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг Парламентдаги кўпчилик – демократик кучлар Блокига нисбатан ўзини мухолифат, деб эълон қилгани, бунинг натижасида мухолиф фракция сифатида илгари сурган қатор ғояларига асосланишини айтди.

Шундан сўнг асосий маъруза юзасидан бир қатор иштирокчилар сўзга чиқдилар.

Улар ўз чиқишларида номзод дастурида илгари сурилаётган мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиши борасидаги амалга оширилаётган стратегиянинг муҳим ижтимоий йўналиши аҳоли турмушининг сифатини ошириш, жумладан, уй-жойларнинг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш мақсадида, давлат мулкини хусусийлаштиришдан олинадиган маблағларнинг бир қисмини турар-жой фондини шакллантиришга йўналтириш механизмини такомиллаштириш масаласини қўллаб-қувватладилар.

Сўзга чиққанлар, сайловчиларни сайлов куни Хотамжон Кетмоновга овоз беришга чақиришди.

Шундан сўнг савол-жавобларга навбат берилди. Унда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга номзод ва унинг ишончли вакилларидан атрофлича жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!