Пойтахтимизда “Олтин куз – 2016” мавсумий либослар намойиши бошланди

15:55, 11 ноябрь

Пойтахтимиздаги «Zarqaynar» миллий санъат марказида “Олтин куз – 2016” кузги-қишки либослар намойиши бошланди. 

Тошкент шаҳридаги Ҳаваскор модельерлар ва тикувчилар уюшмаси томонидан “Begim parfum gallery”, “7-Studio”, “Bek mega textile” каби компаниялар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирга либослар мода ва дизайни соҳасидаги мутахассислар, талаба-ёшлар, коллеж ўқувчилари, мода ихлосмандлари таклиф этилди, дея хабар беради ЎзА. 

“Олтин куз – 2016” модалар намойишида юртимиз ва хорижий мода саноатининг замонавий тараққиёт тамойил ва йўналишлари, эксклюзив либослар, кенг омма учун мўлжалланган маҳсулотлар яратишда янгича ёндашувлар, текстиль ва енгил саноатдаги инновацион янгиликлар билан танишиш мумкин. 

Миллий либослар марказида кундалик либослар, модельерларнинг энг сара ижод намуналари, ҳаммабоп кийим-кечаклар болалар, аёллар ва эркаклар йўналишида намойиш этилади. Камалакранг хонатлас, кўркам адрас, бахмал, нафис шойи каби миллий матоларимиз модельерларнинг бой ва бетакрор хаёлот олами натижасида гўзал либослар кўринишида томошабинлар эътиборига тақдим қилинади. 

Модалар намойиши бетакрор ва ранг-баранг тадбирларга бой. Парфюмерия соҳасидаги янгиликлар, мода нашрларининг тақдимотлари, ёшлар ижодининг турли йўналишлар бўйича намойиши, миллий либослар кўриги, маҳорат дарслари, атоқли модельер ва дизайнерлар билан учрашувлар, концерт ва гўзаллик кўргазмалари шулар жумласидандир. 

Намойишнинг илк кунида ёш модельерларнинг «Street Style» услубидаги либослар тўплами тадбир иштирокчилари ҳукмига ҳавола этилди. Жўшқин, завқли, шу билан бирга қулай, оддий ва табиий услубдаги бу либослар кўпчиликда катта таассурот уйғотди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!