Биринчи Лига ҳакамлари учун ФИФАнинг янги қоидалари бўйича семинар бўлиб ўтади

15:59, 11 ноябрь

Биринчи Лигада фаолият олиб бораётган ҳакамлар ва назоратчилар учун ФИФАнинг янги қоидалари бўйича семинар бўлиб ўтади. Семинар 14 ноябрь куни ЎФФ мажлислар залида соат 9:00да бошланади.

ПФЛ матбуот хизматининг хабар беришича, футбол қоидаларини ишлаб чиқувчи ва тартибга солувчи Футбол ассоциациялари халқаро кенгаши 2016-йилда футбол қоидаларига бир қатор ўзгаришлар киритди. Жумладан, футбол ўйини қоидаларига эркин тўп, қўл билан ўйин, захира ўриндиғидаги ўйинчиларнинг хатти-ҳаракатлари, шунингдек, ўйинчиларнинг агрессив ҳаракатларини тартибга солишга қаратилган бир қатор ўзгаришлар киритилди.

Биринчи Лига ҳакамлари учун мўлжалланган бўлажак семинарда айнан шу ўзгаришлар ҳақида маълумот бериш мақсад қилинган. Мазкур семинарни ФИФА ҳакамлар назоратчиси Фарҳод Абдуллаев, ФИФА рефериси Владислав Цейтлин ҳамда ФИФА назоратчиси Александр Попов олиб боришади. Бунгача Олий Лига ҳакамлари ва назоратчилари учун айнан шундай семинар ташкил этилган эди.

Маълумот ўрнида, семинарда ОАВ вакиллари, спорт журналистлари ва футбол шарҳловчилари ҳам иштирок этишлари ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишлари мумкин.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!