Эрининг катта мерос қолдирганидан бехабар аёл уни 50 йил кутди

16:17, 11 ноябрь

Сербиялик Мария Златич исмли аёл 50 йил мобайнида эридан мактуб кутиб, умри ўтди, деб ёзади “Nonbox.ru” нашри.

Бу кекса аёл ўрмоннинг бир четида жойлашган кичкина уйчасида бор-йўғи 100 доллар эвазига кун кўрди. Аммо оддий ва зерикарли кунларнинг бирида етиб келган хабар унинг ҳаётини остин-устин қилиб юборди.

Бу воқеа 1956 йилда бошланганди. Мария ва Момчило Златич Австралияга жўнаганда ҳали жуда ёш эдилар. Момчила дурадгор бўлиб ишлар, Мария эса фермерлик иши билан шуғулланар, уларнинг кичкина хўжалиги бор эди. Улар эртаклардаги каби бахтли ҳаёт кечиришарди. Орадан 18 ой ўтгандан кейин Марияга онасининг қаттиқ бетоб бўлганлиги ҳақидаги хабар келади. У Сербияга қайтишга қарор қилади. Ўшанда эри билан қирғоқда хайрлашар экан, бу сўнгги видолашув эканлигини хаёлига ҳам келтирмайди.

Мария онаси вафот этгунча, унинг ёнидан жилмади. Олдинда уни қандай синовлар кутаётганидан ҳали бехабар эди. Баъзи бир сабабларга кўра, у турмуш ўртоғининг ёнига, Австралияга қайта олмади. Улар тез-тез хат ёзишиб турар, шу билан айрилиқ ўтини пасайтиришга ҳаракат қилишарди. Мария ҳар ҳафта севган ёридан келган хатни олиш учун почта қутиси олдига югурарди. Аммо йиллар ўтган сари хатлар сийраклаша борди. Бир куни почта қутисининг бўм-бўшлигини кўрган Мария ҳаммаси тугаганлигини англади. Орадаги узоқ масофа жуфтлик учун жуда оғир синов бўлди. Сукунат йиллари ўн йилликларга айланди. Мария ўрмон четидаги кичкина уйда ёлғиз ҳаёт кечира бошлади. Кексайганда эса, унга яқин дўстлари ва қўшнилари ёрдам берди. Марияни билган одамлар жуда меҳрибон ва ажойиб аёл эканлиги, ҳаммага қўлидан келганча ёрдам бериши ҳақида сўзлашарди. Узоқ йиллардан кейин Мария эрининг Австралияда иккинчи бор уйланганини, фермерлик билан шуғулланиб, бойиб кетганлиги ҳақидаги миш-мишларни эшитади. У бу ғийбатларга ишонмайди ва қайта турмушга чиқмай, эрини кутади. Мариянинг эри Момчило 2011 йилда вафот этади. Ундан айрилганига чидолмай, кўз ёш тўккан Мария олдинда уни қандай сюрприз кутаётганидан ҳали хабари йўқ эди.

Маълум бўлишича, собиқ эри Марияга 670.000 минг долларни мерос қилиб қолдирган экан. Кекса ва камбағал Мария бир кечада миллионерга айланади. Чунки бу маблағ 7 миллион серб динорига тенг эди. Расмиятчилик ва ҳужжатларни тўғирлаш учун 4 йил вақт ўтиб кетади. Аммо у ўзининг қарори билан атрофдагиларни ҳайратга солди. Мария ўзига бир доллар ҳам қолдирмай, меросни шу пайтгача ҳолидан хабар олган, ёлғизлигини билдирмаган дўстлари ва яқинларига бўлиб берди. 

“Менга бу пуллар керак эмас. Сув, нон ва ёқиш учун озгина ўтин бўлса, бас. Мен кетишга тайёрланаётган жойда пул зарур бўлмайди”, – деди Мария.

Арзимаган пул учун бир-бирини ўлдиришга-да, тайёр бўлган одамлар яшайдиган замонамизда Мариянинг ҳаёти барчага ўрнак бўлади. Бошқаларга беғараз ёрдам берадиган одамларни кўрганда, кимдир қойил қолса, кимнингдир лабига истеҳзоли табассум югуради. Айнан Марияга ўхшаган аёллар ҳақида эса афсоналар тўқилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!