Ўзбекистондаги сайлов жараёни хорижлик экспертлар нигоҳида

17:13, 11 ноябрь

Ўзбекистон Республикаси ТИВ матбуот хизматининг ахборотига кўра Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президент сайловига тайёргарлик кўриш жараёни, миллий сайлов тизими, номзодларнинг таржимаи ҳоллари ва дастурлари, шунингдек республикамизда олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотлар билан халқаро ҳамжамиятни таништириш мақсадида мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари томонидан хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда турли тадбирлар, жумладан брифинглар, конференциялар, давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистонга таклиф этилган халқаро кузатувчилар бундай тадбирларда иштирок этмоқдалар. Улар республикада бўлажак сайловни ташкил этиш бўйича кўрилаётган кенг кўламли ишларни, давлат бошқаруви тизими барқарорлигини, демократик институтлар ва жараёнлар ривожланганлигини эътироф этмоқдалар. Шу билан бирга халқаро кузатувчилар Ўзбекистон учун муҳим бўлган сиёсий тадбирда иштирок этиш уларга сайлов тизимини янада демократлаштириш ва такомиллаштириш соҳасидаги ислоҳотлар олиб бориш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси билан танишиш имконини беришини қайд этмоқдалар.

Хусусан, Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши аъзоси, «CLAAS» компаниясининг мустақил консультанти Удо Фолькер бўлажак сайлов нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа эканлигини, чунки Ўзбекистон минтақа барқарорлигини сақловчи асосий давлат эканлигини қайд этди. У жорий йилнинг 4 декабрь куни президент сайлови халқаро стандартлар ва демократик принципларга мувофиқ ўтишига ишончи комиллигини, бўлажак тадбирни юқори ташкилий савияда ўтказиш учун Ўзбекистон барча имкониятларга эга эканлигини айтиб ўтди. Унинг фикрича, давлат мустақиллиги йилларида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И. Каримов раҳбарлиги остида босиб ўтилган тараққиёт йўлини инобатга олган ҳолда халқ тўғри қарор қабул қилади, бу эса мамлакатни янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Ўз навбатида, Германия-Ўзбекистон дўстлик жамиятининг вице-президенти Диетер Бранденбургер қуйидагиларни билдирди: “Ўзбекистонда 2014 йил бўлиб ўтган охирги парламент сайловида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини шахсан ўзим кузатиб бордим ва унда иштирок этиш тажрибасидан келиб чиқиб, шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Ўзбекистонда президент сайлови юксак савияда ўтказилади, чунки сайловчиларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш мақсадида номзодларга, сиёсий партияларга, участка сайлов комиссияларига барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Сайлов участкалари зарур асбоб-ускуналар, инвентарь, атрибутка ва ходимлар билан таъминланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этишга таклиф қилинишим мен учун катта шарафдир».

Ўз навбатида, Шанхай ижтимоий фанлар академияси (ШИФА) партия қўмитаси котиби Юй Синхуэ, ШИФА партия қўмитаси ҳузуридаги Тарғибот департаменти директори Ли Ихай ҳамда Шанхай халқаро тадқиқотлар университети қошидаги Россия ва Марказий Осиё тадқиқотлар маркази директори ўринбосари Ян Бо қуйидагиларни таъкидладилар: 

“Республикада аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга, тадбиркорлар фаолиятини енгиллаштиришга, улар учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришга ва тадбиркорлик муҳитини яхшилашга, шунингдек давлатнинг бизнесга аралашувини имкон қадар камайтиришга қаратилган ўзгаришлар юз бермоқда.

Кейинги йилдан бошлаб барча турдаги текширувларнинг бекор қилиниши кичик ва ўрта бизнеснинг сонига ва уларнинг ялпи ички маҳсулотга қўшадиган ҳиссасига таъсир қилиши муқаррар. Шу билан бир қаторда иқтисодий соҳадаги бир қатор ислоҳотлар, жумладан инвестиция муҳитини яхшилашни ва инвестицияларни жалб этишни кучайтиришни назарда тутувчи янги эркин иқтисодий зоналар яратиш режалари шу жумладан Хитой томонидан ҳам истиқболли тармоқларга йирик инвестициялар киритилишига олиб келади.

Биз Ўзбекистон бошлаган йўлидан қайтмаслигига, ислоҳотлар доимий хусусият касб этаётганлигига ҳамда пировард мақсад инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлатни ва ноёб маҳалла институти муҳим роль ўйнайдиган кучли фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилганлигига яна бир бор амин бўлдик. Энг асосийси, ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистонда МДҲда биринчилардан бўлиб қабул қилинган Конституция нормалари ва моддалари ўзгартирилмаётир”.

Шанхай халқаро тадқиқотлар университети партия қўмитаси котиби Цзян Фэн ва Шарқий Хитой сиёсатшунослик ва ҳуқуқ университети проректори Лин Янпин бўлиб ўтажак сиёсий тадбирда аҳолиси бир миллиарддан ортиқ мамлакатнинг 13 нафар кузатувчиси қаторида иштирок этиш катта шарафдир деб таъкидлади. Унинг сўзларига кўра делегациянинг барча аъзолари сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди дастурлари билан танишиб чиқдилар. Сиёсий партиялар дастурлари Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И. Каримовнинг Ўзбекистонни қарор топтириш жараёнига қўшган улкан ҳиссасини инобатга олган ҳолда у томонидан бошлаб берилган ислоҳотлар йўлини янада ривожлантириш ва давом эттириш бўйича таклифлар билан тўлиб тошган. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И. Каримов шарафоти билан республика жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади, у туфайли йирик геосиёсий давлатлар мамлакат нуқтаи назари билан ҳисоблашмоқда.

Хитойлик экспертлар қишлоқда турмуш даражасини яхшилашга, умуман аҳолини иш билан таъминлашни оширишга, аграр секторни ривожлантиришга, иқтисодиётнинг муҳим секторларига инвестицияларни жалб қилишга қаратилган ва республикани ривожлантиришга янгилик киритишни акс эттирувчи сайловолди дастурларига юқори баҳо бердилар. Мисол учун нархларнинг давлат томонидан тартибга солинишини такомиллаштириш орқали коммунал хизматлар қийматини мақбуллаштириш, кучли ижтимоий сиёсатни амалга оширишда давлатнинг ролини мустаҳкамлаш, энг кам истеъмол саватчаси стандартларини аниқлашнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.

Шарқий Хитой сиёсатшунослик ва ҳуқуқ университети проректори Лин Янпин ҳам Ўзбекистонда қабул қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон юзасидан фикр билдирди. Унинг сўзларига кўра ушбу ҳужжат мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг янги босқичга кўтарилишини англатади. Судларга имкон қадар мустақиллик бериш, кўплаб жиноятларни қамоқда жазоланмайдиган жазолар тоифасига киритиш – буларнинг барчаси суд-ҳуқуқ тизимини эркинлаштириш томон ташланган муҳим қадамдир. Бу Ўзбекистоннинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга интилаётганидан далолат беради. Экспертнинг таъкидлашича, суд бюрократиясининг камайтирилиши шубҳали шахсларни қамоқда сақлаш муддатини камайтириш, қамоқда сақлаш ўрнига муқобил вариант сифатида уй қамоғини қўллаш режаси ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар томонидан ҳам юқори баҳоланади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!