Тошкент тиббиёт академияси томонидан Тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тадбир ўтказилди

08:18, 12 ноябрь

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида Тошкент тиббиёт академияси томонидан тиббиёт ходимлари куни муносабати билан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Тошкент тиббиёт академияси ректори Ш.Каримов ва бошқалар мамлакатимизда аҳолига юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг билими ва касб маҳоратини ошириш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади. 

Тошкент тиббиёт академияси соғлиқни сақлашнинг замонавий йўналишлари бўйича малакали кадрлар тайёрлайдиган нуфузли олий таълим муассасаларидан биридир. Бугунги кунда академиянинг олтита факультетида бакалаврият босқичида уч ярим мингга яқин, магистратурада олти юздан зиёд талаба таълим олмоқда. Олти юз нафардан зиёд профессор-ўқитувчи ёшларга таълим бермоқда. 

Олий таълим муассасаси дунёнинг йигирмадан ортиқ давлатидаги нуфузли клиникалар, илм-фан марказлари билан таълим ва илмий соҳаларда ҳамкорлик қилмоқда. Бу жараёнда ёш ўқитувчи ва магистрларнинг малакасини ошириш, билим ва тажриба алмашиш, мамлакатимиз илм-фани ва тиббиёти ютуқларини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. 

– Академиямизда талабаларга чуқур билим бериш, ўқув жараёнини илғор педагогик услублар ва замонавий ахборот технологиялари асосида ташкил этиш учун барча шароит яратилган, – дейди академиянинг болалар касалликлари кафедраси доценти Дилбар Қурбонова. – Кафедралар академиямиз клиникалари, ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, етакчи шифохоналар базасида жойлашгани ёшларнинг назарий билимини амалиёт билан боғлиқ ҳолда бойитиб бориш имконини бермоқда. 

Тадбир якунида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган «Садоқат» спектакли намойиш этилди. 

 
 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!