Сайловдан дам олиш истагида бўлган америкалик қиз ўрмонда Хиллари Клинтонни учратиб қолди

08:39, 12 ноябрь

АҚШда бўлиб ўтган сайловлардан чарчаб, дам олмоқчи бўлган америкалик аёл ўрмонга йўл олди ва у ерда сайловларда мағлубиятга учраган Хиллари Клинтонга дуч келди, деб ёзади “Tjournal”.

 Марго Герстерисмли бу аёл Нью-Йорк штати Чаппакуа шаҳрида яшайди. У АҚШнинг собиқ давлат котиби Хиллари Клинтон билан тушган суратини ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштирди.

Герстернинг маълум қилишича, у сайловлардан дам олиш истагида Чаппакуа шаҳридаги ўзи ёқтирган жойга бориб, дам олмоқчи бўлади. Шунда тасодифан итлари билан сайр қилиб юрган Билл ва Хиллари Клинтонларни учратиб қолади. Табиийки, у бундай имкониятдан унумли фойдаланиб, Хиллари билан суратга тушади.

 “Мен уни қучиб, сайловларда унга овоз берганимда фахрланишимни айтдим”,—дейди Герстер.

Бу сўзларни эшитган Клинтон Герстерга миннатдорчилик билдирди ва турмуш ўртоғи билан сайрни давом эттирди.

Эслатиб ўтамиз, 8 ноябрь куни АҚШда ўтган президент сайловларида Демократлар партиясидан номзод Хиллари Клинтон ўз рақиби Дональд Трампга ғалабани бой берди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!