Мистика: Ажал остонасидан қайтарган фаришта

10:44, 14 ноябрь

Бу воқеа анча йиллар илгари содир бўлган, уни менга таниш аёл гапириб берганди.

Институтда ўқиб юрган кезларим курсдошим билан севишиб, аҳду-паймон қилдик. Бизнинг муҳаббатимизга ота-оналаримиз қаршилик қилмади ва талабалик пайтимиздаёқ, тўйимиз бўлиб ўтди. Иккаламиз ҳам бахтдан сармаст, еттинчи осмонда учиб юрардик. Эрим билан институтни битирмагунча фарзанд кўрмасликка келишгандик. Агар болалик бўлсак, ўқишимиз қолиб кетади, деб ўйлардик.  Ёшлигимдан бақувват ва соғлом қиз бўлиб, касал бўлиб ётганимни эслай олмасдим. Тўйдан кейин шамоллаб, тумов бўлиб қолдим. Бунга эътибор бермай, касалликни оёқда ўтказдим. Аксига олиб, шу оддийгина тумов ҳам қайта-қайта безовта қилди. Ўзимни жуда ёмон ҳис қилгач, касалхонага бордим. Таҳлил натижаларидан сариқ касалликка чалинганим маълум бўлди. Буни устига ҳомиладорлигим ҳам аниқ бўлгач, бира тўла даҳшатга тушдим. Бир тарафдан касаллик, иккинчи тарафдан бошқоронғилик қийнади, кўнглим айниб, оғзимга олган нарсани қайт қилардим. Даволовчи врач  ҳомилани олиб ташлаш кераклигини, бу аҳволда уни дунёга келтиролмаслигимни айтди. Бундан аввалига қўрқиб кетдим, аммо бошқа йўл йўқлигини англагач, унинг гапларига кўнишдан бошқа иложим қолмади. Врачлар эртаси кунига ҳомиламни олиб ташлашни режалаштиришди.

Ўша куни тунда туш кўрдим. Тушимда автомашиналар тезликда ҳаракат қилаётган баланд кўприк устида кетаётганмишман. Бехосдан йўл четида ёлғиз, совуқдан жунжикиб турган,  жингалак сочли қизалоққа кўзим тушди. Шу пайт бирдан кучли шамол кўтарилди, қизчани хавфсиз жойга олиш учун ёрдамга шошилдим. У эса мендан қўрқиб ўзини кўприкдан пастга отди. Даҳшатдан қичқириб юбордим.

Уйғонганимда қора терга ботиб, юрагим кўкрак қафасимни ёриб чиқай дерди. Эртаси куни наркоз олгандан кейин яна ўша қизча тушимга кирди. У ёнимда туриб, тинимсиз кўз ёш тўкар, ҳар замонда бошимни силаб қўярди. Тузалишимга жуда узоқ вақт кетди. Дардларим билан бўлиб, қизчани унутдим, энди уни тушларимда кўрмасдим. Бу ҳақда онамга гапириб берганимда, демак ҳомиланг қиз бола бўлган экан деди.

Орадан йиллар ўтди, институтни битирдим, ёшим ҳам 30 га бориб қолди. Илгари фарзанд кўришни истамаган бўлсак, энди эрим билан фақат шу мавзуда гаплашардик.  Кунларнинг бирида қилган илтижоларим туфайлими ёки Худонинг раҳми келдими ҳомиладорлигим аниқ бўлди. Бундан эрим ҳам мен ҳам жуда хурсанд бўлдик. Эрим мени еру кўкка ишонмас, оғзимдан чиққан нарсани муҳайё қиларди. Ёшим ўттизга бориб қолгани учунми, ой-куним яқинлашгани сари мени ваҳима босарди. Шундай қилиб, тўққиз ойни минг бир таҳликада ўтказдим, тўлғоқ бошланиши билан эрим мени туғруқхонага олиб борди.  

Туғруқ жуда оғир кечди, кўп қон йўқотганимдан ҳолсизланиб, ҳушимдан кетдим. Тушимми ё ўнгимми англолмай қолдим. Катта йўлнинг ёқасида турган эмишман, йўлнинг нариги бетида бир пайтлар тушимда кўрган қизалоқ турарди.  Уни яна учратганимдан хурсанд бўлиб, йўлнинг нариги тарафига интилдим. Қалбимни ғалати шодлик чулғади. Қизалоққа етишга қанчалик интилмай, оёқларим ўзимга бўйсунмас, минг чиранганим билан жойимга михлангандай турардим.

— Қайтинг, буёққа келманг! Орқага қайтинг, ҳали келишингизга вақт бор! — деб қичқирди қизча. 

Унинг овозини аниқ эшитдим.

– Йўқ, олдингга боргим келяпти, тўхта, кетма! – деб бақирдим унга жавобан.

Бирданига қизчанинг ёнида ўзига ўхшаб кетадиган ўғил бола пайдо бўлди. Негадир “ўлаяпман” шекилли деган ўйга бордим.

– Йўқ, сиз ҳали узоқ яшайсиз...

Танамни пармалаётган кучли оғриқдан қичқириб юбордим, шу пайт чақалоқ ингаси янгради. Кўзим ярқ этиб очилди, кўкрагимда дунёга келган ўғлим ётарди. Врачлар ҳам хурсандлигидан бақириб юборишди, аҳволим оғирлигидан улар мендан умидларини узишган экан. Аммо сўнгги дақиқаларда мўъжиза рўй берди.  Ўғлим билан мен нариги дунёдан қайтиб келгандик. 

Шундан бери инсонларни ҳимоя қилувчи қандайдир ғайритабиий кучлар борлигига ишонаман...

Аёлнинг сўзларини оққа кўчирувчи 
Лола Шоимова

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!