Ўзбeкистон ва Қирғизистон Ҳукумат делегациялари давлатлараро чегарани делимитация ва демаркация қилиш масалаларини кўриб чиқди

11:50, 14 ноябрь

2016 йилнинг 8-13 ноябр кунлари тасдиқланган режа-жадвалга биноан Фарғона шаҳрида давлатлараро чегарани делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумат делегациялари ишчи гуруҳларининг учрашувлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасининг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари билан Қирғизистон Республикасининг Боткен, Жалол-Ообод ва Ўш вилоятлари туташган ҳудудларда Давлат чегараларасининг аввал мувофиқлаштирилмаган 14 участкасида қўшма дала текширувлари ва инструментал топографик расмга олиш тадбирлари ўтказилди.

Еттита участка бўйича ишчи гуруҳларнинг позициялари келишиб олинди. Шундай қилиб, 13 ноябр ҳолатига кўра томонларнинг позициялари мос келган участкаларнинг умумий сони 56 тани ташкил этмоқда.

Учрашувлар якунларига кўра тегишли Баённома имзоланди ва бошқа мувофиқлаштирилмаган участкалардаги дала топографик-ер тузиш ишларини ўтказишнинг режа-жадвали келишиб олинди.

Учрашув ҳамжиҳатлик ва анъанавий дўстлик руҳида бўлиб ўтди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!