Ўзбекистон U-22 терма жамоаси Хитойдаги турнирда иккинчи ўринни эгаллади

11:50, 14 ноябрь

Жасур Абдураимов бошчилигидаги Ўзбекистон U-22 терма жамоаси Хитойнинг Ухань шаҳрида ўтказилган турнирда иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати маълум қилди. 

Турнирнинг дастлабки ўйинида Мексикага 0:2 ҳисобида мағлуб бўлган Ўзбекистон ёшлари кейинги ўйинларда Хитой билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этган бўлса, Вьетнам ёшлар терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағулб этди.

Мексика U-22 терма жамоаси ушбу халқаро турнир ғолибига айланган бўлса, Ўзбекистон иккинчи, Хитой учинчи, Вьетнам эса тўртинчи ўринни эгаллади.

Таъкидлаш керакки, Саиджамол Давлатжоновнинг Вьетнам дарвозасига киритган голи мусобақанинг энг чиройли голи деб топилди. Давлатжонов майдон марказида тўпни қабул қилиб олиб, бирин-кетин рақибларни алдаб ўтиб, жарима майдончасига кириб бориб, дарвозани ишғол қилган эди.

Ўзбекистон U-22 терма жамоаси Тошкентга бугун, 14 ноябрь, 19:35да етиб келади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!