Самвел Бабаян: Эртанги ўйин учун аниқ режамиз бор

16:46, 14 ноябрь

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичи доирасидаги Жанубий Кореяга қарши сафардаги ўйин олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этиб, журналистлар саволларига жавоб берди.

Мураббийга Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Игор Сергеев ҳамроҳлик қилди.

Кореялик журналистлар дастлаб Самвел Бабаяндан 2015 йилда бўлиб ўтган Осиё Кубогида Жанубий Кореяга қарши ўйнаган Ўзбекистон терма жамоасидан ҳозиргиси нима билан фарқ қилиши ҳақида сўради.

“Осиё Кубогида қатнашган жамоа ва ҳозир мен бошқараётган жамоани бир-бирига қиёслаш менинг ишим эмас. Бунинг учун журналистлар, бошқа мутахассислар бор. Бу иш мен томонимдан қилиниши тўғри бўлмайди. Фақат шуни айтиш мумкинки, ўша турнирдаги жамоадан ҳозирда таркибимизда 8 футболчи бор. Бугунги кунда миллий терма жамоага кўпгина ёш футболчиларни жалб этяпмиз. Аммо “У жамоа бундай ўйнарди, биз бунақа ўйнаймиз”, деб муҳокама қилмоқчи эмасман”, - дея жавоб берди.

Рақиб терма жамоаси сафидаги энг хавфли футболчилар ҳақида сўралганида эса Бабаян қуйидагича жавоб берди.

“Жанубий Корея терма жамоасида истеъдодли футболчилар жуда кўп. Кучли чемпионатларда фаолият юритадиган легионерлар ҳам, маҳаллий чемпионатда тўп сурадиган юлдузлар ҳам бор. Ҳозир омма олдида кимнидир алоҳида кўрсатмаган бўлардим. Асосийси, биз ўзимиз учун рақиб сафидаги энг хавфли футболчиларни аниқлаб олдик ва уларга қарши қандай ўйнаш кераклигини биламиз”.

Эратага Россиядаги мундиал йўлидаги энг муҳим ўйинлардан бири бўлади. Ўйиннинг муҳимлик даражасини ҳисобга олиб, унга алоҳида тайёргарлик кўрилдими, дея сўралганида, Самвел Бабаян Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳар бир ўйиин муҳимлигини, рақиб Суриями, Кореями, бундан қатъий назар навбатдаги ҳар бир ўйинга энг муҳим сифатида ёндошилиши ва шунга яраша тайёрланилишини таъкидлади.

Игор Сергеевдан Ўзбекистон чемпионатида доимий равишда сермаҳсул ўйин намойиш этгани, аммо Хитой клубига ўтгач, бу ўрсаткичи оҳсагани ҳақида сўралганида ҳужумчи шундай жавоб берди:

“Бу менинг биринчи бор хориж клубида ўзимни синаб кўришим эди. У ерда узоқ ўйнамадим, ярим йилгина бўлди. Янги чемпионатга, жамоага мослашишга вақт кетди. Етарлича ўйин амалиётига ҳам эга бўлмадим, деб ўйлайман. Сабаблар кўп. Шундай бўлсада, голлар уришга доим ҳаракат қиламан. Сўнгги вақтларда бу борада аҳвол анча яхшиланди. Умид қиламанки, шундай давом этади. Терма жамоага тўхталадиган бўлсам, унга чақирув олдингми, майдонда борингни бериб ҳаракат қилишинг, унга максимал ёрдам беришга интилишинг шарт”.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!