Жасур Умировнинг концертидаги тартибсизлик ёҳуд бир кунда ёзилган 12 та қўшиқ (Видео)

10:59, 15 ноябрь

14 ноябрь куни “Истиқлол” санъат саройида хонанда Жасур Умировнинг яккахон концерти старт олди. Концертнинг илк куни сарой хонанданинг ашаддий мухлислари билан тўлиб тошди.

Концертда янги қўшиқлар баробарида Жасур Умировнинг хитга айланган тароналари янгради. Айтиш жоизки, хонандани мухлисларнинг қанчалик севишини залдаги муҳитдан англаш қийин эмасди.

Концертга журналист сифатида ташриф буюрганимиз сабабли айрим ҳолатлар бизнинг эътрозларимизга сабаб бўлди. Айтайлик Жасур Умировнинг саҳнадан туриб, томошабинларга концертдан бир кун олдин 12 та тарона ёзгани. Бу ҳақда гапирар экан у “Бир кунда 12 та қўшиқ ёзган санъаткорни эшитганмисизлар”, дея мақтаниб қўйди. 

Хўш, бу хонанданинг масъулиятсизлигими ёки?.. Наҳотки яккахон концертига тайёргарлик кўраётган санъаткор анча олдин эълон қилинган концерти учун бир кун қолганда қўшиқ ёзса?

Шунингдек, хонанда дастури давомида мухлислар билан мулоқотга киришга, уларнинг кўнглидан янада чуқур жой олишга урунар экан ўзи билмаган ҳолда кўплаб хатолар қилди.

Биринчидан, хонанда концерти давомида ҳар бир тарона ўртасида томошабин билан жонли мулоқотга киришга урунди, бироқ унинг бунга яхшилаб тайёргарлик кўрмаганлиги сабабли жумлалари бир-бирига қовушмади. Эҳтимол, бу хонанданинг ҳарактерига хос бўлган ҳолатдир, бироқ саҳнада кўча тилида сўзлашиш, гапларни узуқ –юлиқ гапириш бу санъаткорнинг маданиятига мутлақо тўғри келмайди деган фикрдамиз. 

Иккинчидан, хонанда залдаги тартибни сақлаб турган қўриқчиларга мухлисларнинг эркинлигини чегарамасликни ва сарой саҳнасининг бир қавати мухлислар учун мўлжаллаганини маълум қилди. Бундан фойдаланган томошабинларнинг бир тўдаси саҳнани бутунлай эгаллаб олишди. Бу ҳолатда хонанда 4-5 та таронасини куйлади. Аҳийри қўриқчилар одамларни саҳнадан туширишга киришишди, сабаби залдаги томошабинга саҳна умуман кўринмай қолганди.

Хонанда бу гапни мухлислари билан янада яқинроқ бўлиш учун айтилгани табиий, бироқ бу ҳолат саҳнада қуйидаги видеода акс этган тартибсизлик юзага келишига сабаб бўлди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!