Ҳиндистонда касаллик туфайли бош шакли ўзгарган бола Ганеша маъбудаси деб тан олинди

14:12, 15 ноябрь

Ҳиндистонда касаллик туфайли бош шакли ўзгарган болани қишлоқ аҳолиси Ганеша маъбудаси деб тан олиб, унга сиғинмоқда, деб хабар берди “Sun.day.az” нашри.

Панжоб штатининг Жаландхар қишлоғида яшовчи Праншу исмли боланинг бош ва қовоқлар шакли ўзгаришига касаллик сабаб бўлган. Аммо қишлоқ аҳолиси буни бошқача талқин қилиб, Ганеши маъбудаси қайта туғилди, деб ҳисобламоқда. Ганеша одамларга омад, бахт, бойлик келтирувчи маъбуда саналади.

Ҳатто мактабда боланинг ўқитувчилари ҳам унга бош эгиб, таъзим қилади. Праншу ҳар пайшанба куни ибодатхона олдида оломон билан учрашади. Унинг отаси ҳам фарзандини илоҳ деб ҳисоблайди ва бошқалар каби унга таъзим бажо айлайди. Боланинг тана аъзолари ҳам маъбуда Ганешанинг тана аъзоларига ўхшайди. У ҳаммага оқ фотиҳа бериб, дуо қилади. Қишлоқ аҳли Праншу билан учрашган одамнинг орзу-истаклари амалга ошади, деб ҳисоблайди. “Ўғлим ҳар куни мактабга борганда, ўқитувчи ва ўқувчилар уни гуллар билан кутиб олади. Туғилгандаёқ, Праншунинг кўзлари маъбуда Ганешанинг кўзларини эслатар, боши ҳам катта эди. Унинг боши ҳозирги пайтда ҳам ўсиб, катталашиб бормоқда”, дейди боланинг отаси. 

Праншуга ҳам ўзини маъбуда образида кўриш жуда ёқар экан. “Ҳамма мени Ганеша маъбудасига ўхшатади, ҳеч ким ҳақиқий исмимни билмайди. Ҳатто ўқитувчиларим ҳам мени кўрганда таъзим қилади. Дўстларим ҳам мени ҳурмат қилишади, ҳеч қачон масхара қилиб, жиғимга тегишмайди. Мени Ганеша Жи, деб аташларидан мамнунман. Шундайлигимча қолишни истайман. Юзимнинг, бошимнинг шаклидан норози эмасман”, дейди у.

Праншу жуда ҳам қашшоқ оилада дунёга келган. Унинг отаси оддий ишчи бўлиб ишлайди. Праншунинг тўртта акаси бор, энг катта акаси ҳам шу касалликка чалинган. У Праншудан фарқли равишда, ўзи юра олади. Бола бир ёшга тўлганда маҳаллий врачларга олиб борилган, аммо врач унга аниқ ташхис қўя олмаган ва даволай олмаган.






Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!