Сарвар Отамуратов Қашқадарё вилояти республикада иқтисодий салоҳияти билан ажралиб туришини таъкидлади

14:28, 15 ноябрь

15 ноябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Отамуратовнинг Қашқадарё вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хотин-қизлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, партия аъзолари ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Учрашув Қашқадарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларининг сайловчилари билан онлайн видеоконференция орқали мулоқот тарзида бўлиб ўтди.

Учрашувни халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳи аъзоси Алламурод Келдиев очиб берди ва олиб борди.

Дастлаб номзоднинг вилоятдаги ишончли вакили Сайфулла Махматмўминов йиғилганларни Сарвар Отамуратов таржимаи ҳоли билан таништирди. Шундан сўнг номзод сайловолди Дастурининг асосий йўналишлари юзасидан нутқ сўзлади. 

Номзод таъкидлаганидек, сайловолди Дастурда халқаро миқёсда эътироф этилган ва бугунги тараққиётимизнинг ҳаётий дастурига айланган беш тамойил асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар бардавомлигини таъминлаш, тарихий, маданий, бой маънавий-ахлоқий қадриятлар ва анъаналар асосида жамиятда юксак ҳуқуқий ва сиёсий маданиятни мустаҳкамлаш, маънавий юксалишга эришиш ҳамда миллий иқтисодиётни ривожлантириш масалаларига устувор аҳамият қаратилган.

Дастурда белгиланган мақсад-вазифалар мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Қашқадарё вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ҳам жуда муҳимдир. Сарвар Отамуратов айтиб ўтганидек, Қашқадарё вилояти республикада иқтисодий салоҳияти билан ажралиб туради. Бугунги кунда юртимизда қазиб олинаётган газнинг 64 фоизи, нефтнинг 67, газ конденсатининг 87,4 фоизи Қашқадарё вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда. Вилоятдаги Шўртан газ-кимё мажмуаси, “Муборакнефтгаз” унитар шўъба корхонаси, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Талимаржон иссиқлик электр станцияси каби замонавий саноат корхоналари, “Ҳисорнефтгаз”, “Кўкдумалоқгаз”, “Шўртангазмаҳсулот” сингари йирик қўшма корхоналар иқтисодиётни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда. 

Учрашувда Президентликка номзод Сарвар Отамуратов вилоятдаги йирик саноат корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш масалалари муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасига боғлиқ эканлигини таъкидлади. Шунинг учун дунё бозорига янги йўллар очиш, Ўзбекистонни бошқа давлатлар, минтақалар билан боғлайдиган транспорт коммуникациялари барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Номзод енгил ва ихчам тўқимачилик корхоналарининг сонини кўпайтириш, уларга маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлайдиган замонавий технологияларни жорий қилишни қўллаб-қувватлайди. Давлат компаниялари ва давлат улуши устунлик қиладиган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти шаффофлигини таъминлаш орқали уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш лозим, деб ҳисоблайди. Сарвар Отамуратов миллий иқтисодиёт ривожи етук мутахассис-кадрларга боғлиқ эканлигини ҳисобга олган ҳолда замонавий билим ва малакага эга инженер-техник, молия-иқтисод, корпоратив бошқарув менежментлари, ахборот технологиялари соҳасида дастурчиларни тайёрлашни тубдан кучайтириш ва мазкур соҳалардаги истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш тарафдори эканлигини билдирди.

Учрашувда номзод сайловолди Дастурнинг бошқа соҳалари хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтди. Сарвар Отамуратов илгари сураётган вазифалар қашқадарёлик сайловчиларда катта қизиқиш уйғотди. Сўзга чиққан сайловчилар сайловолди Дастур юзасидан ўз муносабатларини билдирдилар. Улар томонидан билдирилган фикрларнинг хилма-хиллиги, сайловчилар ва номзод ўртасида савол-жавоб тарзида кечган музокараларнинг қизғинлиги одамларнинг номзод Дастурига бефарқ эмаслигидан далолат беради.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!