Кураш бўйича ёшлар ўртасидаги VIII жаҳон чемпионатида ўзбекистонликлар 9 та олтин медалга сазовор бўлди

14:29, 15 ноябрь

Ҳиндистоннинг Коччи шаҳрида йигирма ёшгача бўлган йигит-қизлар ўртасида кураш бўйича VIII жаҳон чемпионати ўтказилди. Нуфузли мусобақада муваффақиятли қатнашган полвонларимиз 9 олтин, 3 кумуш ва 1 бронза медални қўлга киритди.  Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Кураш халқаро ассоциацияси томонидан ташкил этилган чемпионатда дунёнинг элликдан зиёд мамлакатидан беш юзга яқин спортчи 15 вазн тоифасида ғолиблик учун ўзаро беллашди. 

Чемпионатда барча рақибларини мағлубиятга учратган Руслан Бўриев, Шаҳрам Аҳадов, Раҳматулло Нуриддинбеков, Ҳусниддин Ҳусанов, Бекмурод Олтибоев, Раҳима ва Маҳлиёхон Йўлдошевалар, Мухлиса Абдумаликова, Умидахон Мирҳамидова шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади. 

Абдулазиз Ҳамроев, Садам Аҳметов, Сарвар Икромов кумуш медаль билан тақдирланган бўлса, Рўзимбой Эшжонов бронза медалига сазовор бўлди. 

Чемпионатда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси "энг яхши жамоа", деб тан олинган бўлса, Бекмурод Олтибоев "энг яхши курашчи", деб эълон қилинди. 

Шунингдек, Кураш халқаро ассоциациясининг XVI конгресси бўлиб ўтди. Унда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишланган халқаро турнир ташкил этиш ҳақида Ўзбекистон маданият ва спорт ишлари вазирининг биринчи ўринбосари М.Алиев томонидан берилган таклиф иштирокчилар томонидан маъқулланди. Мазкур турнир биринчи марта 2017 йил Тошкент шаҳрида ўтказилади. 

АҚШ, Швейцария, Камерун ва Непал кураш федерациялари ассоциацияга аъзоликка қабул қилинди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!