Сўровнома: 99,4% сайловчи сайлов кампанияси билан боғлиқ янгиликларни кузатиб бормоқда

16:07, 15 ноябрь

2016 йилнинг 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Марказий сайлов комиссияси томонидан М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали билан ҳамкорликда фуқаролар сайлов ҳуқуқлари кафолатларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси, Олий суд вакиллари, М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ўқитувчи ва талабалари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида фуқароларнинг мамлакатимиз Конституцияси ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатларда белгиланган сайлов ҳуқуқларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгалигига эътибор қаратди. Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган ҳамда бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга.

Сайловчилар ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш ва яширин овоз бериш ҳуқуқига эга. Бунинг учун участка сайлов комиссиялари овоз беришни махсус ажратилган биноларда ташкил этиб, фуқароларга хоҳиш-иродани эркин ва яширин равишда билдириш имкониятини яратади. Сайловчиларнинг хоҳиш-ирода билдиришларини назорат этишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросига унинг сайлов ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя этилиши, сайлов комиссияларининг, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятлари кафолатланади. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди. Уларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига тўсқинлик қилиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Сайлов комиссияларининг сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссияларининг таркиби тўғрисидаги, шунингдек, номзодларни рўйхатга олиш, овоз бериш ва сайлов якунлари ҳақидаги қарорлари матбуотда эълон қилинади.

Таъкидлаш лозимки, шу йилнинг октябрь ойида “Ижтимоий фикр” маркази томонидан жамоатчилик ўртасида ўтказилган сўровга мувофиқ сайлов ҳуқуқига эга Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг аксарияти (95%) бўлажак Президент сайловида албатта иштирок этади. 99,4% респондент сайлов кампанияси билан боғлиқ янгиликларни кузатиб бормоқда. Аҳолининг аксарияти бўлажак сайлов бўйича хабардорлигига юқори баҳо берган бўлса, сўралганларнинг 60,6 фоизи номзодларнинг сайловолди ташвиқоти тўғрисида маълумотга эгалиги, овоз бериш жараёнидаги ҳуқуқлари ҳақида хабардорлигини маълум қилган.

Эркин мунозара шаклида ўтказилган давра суҳбати давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!