Бу йилги Сайлов таклифномалари аввалги йилларда чиқарилган таклифномалардан тубдан фарқ қилади

22:24, 15 ноябрь

Бу йилги Сайлов таклифномалари аввалги йилларда чиқарилган таклифномалардан тубдан фарқ қилади. Эътиборли жиҳати, унда ҳар бир сайловчининг шахсан овоз беришига оид қонун нормасидан кўчирма келтирилгани ҳар бир сайловчини ўз ҳуқуқидан фойдаланишга даъват этиши шубҳасиз. Сиёсий партиялардан кўрсатилган номзодларга оид маълумотлар ҳам илк бор сайлов таклифномасидан ўрин олган.

Сайлов таклифномасининг аниқ таснифига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига таклифнома А5 форматидаги қоғозга олди ва орқа тарафига рангли бўёқлар билан чоп этиш орқали нашр этилган. Қоғознинг олд тарафи пастки қисмида ҳаворанг нақшли фоннинг марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг тимсоли (эмблемаси), унинг тагида катта босма ҳарфлар билан “САЙЛОВГА ТАКЛИФНОМА” сўзлари битилган. Ундан икки поғона пастда сайлов бўлиб ўтадиган йил, кун ва ой санаси ёзма равишда ҳамда унинг пастида катта босма ҳарфлар билан “ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ САЙЛОВИ КУНИ” деган сўзлар ёзилган. 

Қоғознинг орқа тарафи нақшинкор ҳошияларга бўлинган. Нақшинкор ҳошияларнинг тўртта бурчагида тўртта учбурчак шаклида миллий нақш намунаси акс эттирилган ва улар икки қатор чизиқлар билар ўзаро бирлаштирилган. 

Юқори нақшинкор ҳошиянинг ички қисмида “Участка сайлов комиссияси Сизни 2016 йил 4 декабрь куни ўз конституциявий ҳуқуқингиздан фойдаланишга – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга таклиф қилади" матни тўқ ҳаворанг рангда битилган. 

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасига мувофиқ, ҳар бир сайловчи шахсан овоз беради, бошқа кишилар учун овоз беришга йўл қўйилмайди” сўзлари ёзилган. 

Пастки нақшинкор ҳошияларнинг ички қисмида имзо варақасини Марказий сайлов комиссиясига топшириш навбатига қараб, тартиб билан партиянинг номи ва унинг тимсоли ҳамда партия томонидан кўрсатилган Президентликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми жойлаштирилган. 

Бу галги сайлов таклифномасини олган ҳар бир юртдошимиз истиқлолгача бўлган даврда кўпинча бундай таклифномалар жуда оддий, кўримсиз қоғозда чиқарилганини эслаши аниқ. Уйда нечта одам истиқомат қилиши, кимлар овоз бериши мумкинлиги эътиборга ҳам олинмай, дарвозадан бир чангал «номсиз таклифнома» ташлаб кетиларди. Оила бошлиғи уларни ва паспортларни олиб, уйдаги ҳамма учун овоз бериб келарди. Ҳозир аввал сайлов участкаси ходими ҳар бир хонадонда бўлиб, унда нечта одам истиқомат қилиши, кимлар овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги эътиборга олинган ҳолда рўйхат шакллантирилган. Шу асосда ҳар бир таклифномага сайловчининг исми фамилияси ёзилган. Уни сайловчилар рўйхати варақасига ҳар бир сайловчининг шахсан ўзи имзо қўйгач тақдим этилмоқда.

2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида мамлакатимизнинг 21,4 миллиондан зиёд фуқароси иштирок этади. Шу кунларда уларга сайлов таклифномаси тарқатилмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!