Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашди

23:09, 15 ноябрь

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашди. 

Учрашувни номзоднинг ишончли вакили А.Тошқулов очди. 

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Сурхондарё вилояти ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Жорий йилнинг 9 ойида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 9,4 фоизга ошгани бунинг далилидир. Иқтисодиёт модернизация ва диверсификация қилинаётгани туфайли саноат тармоқлари кенгайиб, туманларда янги замонавий корхоналар ишга туширилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари кенг қўллаб-қувватланаётгани самарасида уларнинг вилоят иқтисодиётидаги салмоғи тобора ортмоқда. Шаҳару қишлоқларда янги уй-жойлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. 

Дастурда Биринчи Президентимиз бошлаб берган кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, давлат ва жамият бошқаруви тизимини такомиллаштириш, "Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари" концепциясини амалга ошириш, ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, давлат ҳокимияти тизимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ролини кучайтириш, кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлаш, янгича ва мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ҳалол, ўз Ватани ва халқига содиқ кадрларни тайёрлаш бўйича самарали тизим яратишга қаратилган устувор вазифалар белгиланган. 

Макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва эришилган иқтисодий ўсиш суръатларини ривожлантириш, миллий валютамиз, ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, иқтисодиётимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини янада ошириш, унинг соҳа ва тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш, инвестициявий фаолликни кучайтириш, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини қисқартиш, хусусий мулкни ривожлантириш ва уни ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, қонун устуворлигини янада мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. 

Учрашув видеоконференция шаклида ўтди. Термиз шаҳри ва вилоятнинг барча туманлари марказидан сайловчилар номзоднинг дастури юзасидан ўз фикрларини билдирди. 

Меҳнат фахрийси Х.Тангриев, Ўзбекистон халқ шоири С.Саййид, "Нуроний" жамғармаси Қизириқ тумани бўлими раиси Й.Бекназаров, бахши С.Шойдилов, меҳнат фахрийси Х.Тошбоев, Денов туманидаги "Меҳнат фаровон ҳаёт" фермер хўжалиги раҳбари А.Норбоев, Ангор маиший хизмат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Ғ.Каримов ва бошқалар дастурда белгиланган вазифалар мамлакатимизни янада ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!