Наримон Умаров Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди

23:10, 15 ноябрь

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 15 ноябрь куни Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди.

Онлайн видеоконференция тарзида ташкил этилган тадбирда асосий учрашув зали ҳамда туман, шаҳарлардаги учрашув жойларидан жами 3000 нафарга яқин сайловчи иштирок этди. Унда жамоатчилик вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партиянинг вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари аъзолари, журналистлар Президентликка номзод билан жонли мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Тадбирни Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Жиззах вилояти Кенгаши раиси Х.Атаев олиб борди. Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг ишончли вакили халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Д.Хакимова йиғилганларга Н.Умаровнинг таржимаи ҳоли ҳақида сўзлаб берди.

Президентликка номзод мустақиллик йилларида вилоятнинг шаҳар ва қишлоқлари таниб бўлмас даражада ўзгаргани, ҳудудда замон талабларига мос, миллий меъморчилик асосида барпо этилаётган турар жойлар, спорт иншоотлари ёшларимизнинг жисмонан соғлом ва баркамол инсон бўлиб вояга етишиши, шунингдек, халқимиз турмуш даражасининг яхшиланиши ва келажакка бўлган ишончининг янада мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутишини эътироф этди.

Учрашувда Н.Умаров ўз Сайловолди дастурининг асосий йўналишлари ҳақида батафсил тўхталиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир ғоя ва таклифларини билдирди. Хусусан, номзод бугунги кунда ҳудудий дастурларнинг самарали ижро этилишида асосий масъулият маҳаллий бошқарув органлари зиммасига тушаётгани аммо жойлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларнинг барчасини ҳал қилишда ҳокимларнинг ваколатлари етарли эмаслигини қайд этди.

Номзод айни масаланинг мақбул ечими сифатида маҳаллий бошқарув органлари фаолияти самарадорлиги ва масъулиятини ошириш мақсадида ҳокимларнинг вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ишга қабул қилиш ва озод этиш, уларни жавобгарликка тортиш, ҳудуднинг кадрлар сиёсатига доир ваколатларини кенгайтириш таклифини илгари сурди. Бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базасини чуқур хатловдан ўтказиш, ҳудудий давлат ҳокимияти органлари зиммасига муайян вазифа, ваколат ва топшириқ юклатилган ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда уларни амалга ошириш, назорат қилиш ва ҳисоботини эшитиш билан боғлиқ аниқ механизмларни акс эттириш, қолаверса, барча ҳудудий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлигига тавсия этилаётган номзодларни ҳокимлар билан келишиш лозимлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Н.Умаров ҳудудда сўнгги йилларда замонавий, юксак технологиялар билан жиҳозланган, йирик инновацион лойиҳаларга асосланган кўплаб корхоналар фаолияти йўлга қўйилгани, хусусан, халқ хўжалиги ва кундалик турмушимиз учун зарур бўлган маҳсулотларнинг аксарияти, камчиқим электр лампасидан тортиб ноёб мобиль телефон аппаратлари ва рангли телевизорлар айнан Жиззах воҳасида ишлаб чиқарилаётганига эътибор қаратди. 

Наримон Умаров мамлакатимиз келажаги айнан инновацион иқтисодиётда, деб билишини яъни, бутун дунёда фан ва технологиялар жадаллик билан ривожланаётган ҳозирги даврда фақат янги технологияларга асосланган иқтисодиётгина давлат қудратини ошириб, халқимиз фаровонлиги ва жамиятимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилишини қайд этди.

Бу борадаги мақсадларни амалга ошириш учун номзод махсус комплекс чора-тадбирлар дастурини қабул қилиш, унда инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, Инновация жамғармасини тузиш каби устувор вазифаларни белгилаш асосий мақсадларидан эканлигини маълум қилди.

Учрашувда Жиззах вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ўринбосари И.Холмурзаев, халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Ф.Қобилов, Жиззах шаҳридаги “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси О.Нишонова ва бошқалар номзоднинг дастурини қўллаб-қувватлаб сўзга чиқдилар.

Учрашувда Наримон Умаров иштирокчиларнинг кўплаб саволларига жавоб берди ва уларга эътибор ҳамда ишонч учун миннатдорлик билдирди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!