Англия ресторанларидан бирида арвоҳлар тўполон кўтарди

10:20, 16 ноябрь

Англиянинг Уэйкфилд шаҳридаги “New York Italian Kitchen” ресторанига ўрнатилган кузатув камераси ғаройиб ҳодисани суратга олди, деб хабар берди “Nonbox.ru” нашри.

Видеокамера ресторанда рўй берган полтергейст ҳодисасини суратга олган. Арвоҳ одамларнинг диққатини ўзига жалб этиш мақсадида патнисда турган бокаллардан бирини бар пештахтаси устига ағдарган. Бармен ва унинг мижози қулаган стаканни дарров пайқашди. Бармен бармоғи билан нуқиб, арвоҳ турган томонни кўрсатган, руҳ эса аёл билан ҳазиллашишни давом эттирган. Бундан кўриниб турибдики, ҳеч ким арвоҳнинг қилиқларидан қўрқмаган.

Шон Дикин итальян таомлари тайёрланадиган бу ресторанни уч ой илгари очган эди. Унинг сўзларига қараганда, ресторан очилгандан бери ҳар куни бундай ғайритабиий ҳодисанинг гувоҳи бўлиш мумкин экан. Кўзга кўринмас меҳмон нафақат бокалларни балки бошқа идишларни ҳам ағдаради, мебелларни жойидан силжитади, эшикни очиб-ёпиб, ўйнайди, официант аёлларнинг сочидан тортқилаб, қўрқитади, салфетка ва тиш тозалагичларни зал бўйлаб сочиб чиқади.

Полтергейст  ҳодисаси ресторан ходимларига турли ноқулайликлар туғдирса-да, аммо ҳеч кимга ёмонлик қилмайди. Шунга қарамай, аксарият ходимлар уни ёқтирмайди. Сочи тортқиланган официант  аёллар ҳар куни бокал синиқларини йиғиштиришдан чарчаган.

Ресторан ходимларининг шикоятларидан кейин камера ёзувларини кузатган ресторан хўжайини Шон Дикин полтергейст ҳодисасига чек қўйишга қарор қилди. У арвоҳ овловчилар билан боғланиб, уларни ресторанга таклиф қилди. Аммо арвоҳ овловчилардан бирор наф чиқиши ҳозирча номаълум. Улар арвоҳни ресторандан ҳайдаб чиқара олмаса, унда руҳонийни чақиришга тўғри келади...

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!