Самвел Бабаян Ўзбекистон термасининг ЖЧ–2018 йўлланмаси учун имкониятни ҳали йўқолмаганини айтди

11:09, 16 ноябрь

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян Жаҳон чемпионати саралашининг учинчи босқичи, 5-тури доирасидаги Жанубий Кореяга қарши ўйиндан кейин матбуот анжуманида иштирок этиб, ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг сўзларини ЎФФ матбуот хизмати келтирди.

“Афсуски, натижа бизнинг фойдамизга бўлмади. Ваҳоланки, ўйин давомида яхши ўйин намойиш қилгандик, ҳисобда олдинда бордик. Яхши натижага эришиш учун жипслашиб ўйнадик. Бугунги ўйин учун футболчиларга миннатдорчилик билдираман. Гол ўтказиб юборилган вазиятларни ҳисобгага олмаганда, ўйиндан олдин белгилаб олган барча ишни амалга оширдик. Бугунги ўйини орқали Жанубий Корея Осиёнинг энг кучли жамоаларидан бир эканини исботлади. Мағлубиятга қарамай, Жаҳон Чемпионати йўлланмаси учун имкониятни ҳали йўқотмадик.

Ким Шин Ук захирадан тушиб, Корея ўйинини кучайтиришини билардик. Бизнинг бўйи энг баланд футболчимиз унга қарши ўйнаши керак эди. Афсуски, ўйинчимиз ҳаводаги тўп учун курашда имкониятни бой берди ва шундан сўнг иккинчи голни ўтказиб юбордик. Бу вазиятда фақат унинг ўзи айбдор эмас. Ким Шин Ук бош билан тўпни шеригига етказган вазиятда қолган қолган футболчилар тўп учун курашишлари ва гол урган футболчини ёпишлари керак эди. Корея Қатар дарвозасига худди шундай гол урганди.

Корея терма жамоасида футболчилар ва мураббийлар алмашса-да, доим кучли жамоа бўлиб қолаверади. Бизда ҳам кучли футболчилар йиғилган. Бугун биз етарли қаршилик кўрсатдик. Афсуски, бироз омадимиз келмади” – дейди Самвел Бабаян.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!