ШОҲНИНГ КЕЧИККАН ИНЪОМИ

12:33, 16 ноябрь

Ёхуд “Шоҳнома” муаллифининг аянчли қисмати хусусида

Хуросоннинг қадимий Тус шаҳрида яшаб ўтган машҳур форс шоири Абулқосим Фирдавсий ва унинг ўлмас “Шоҳнома” достони ҳамда шоирнинг машҳур ҳукмдор Султон Маҳмуд Ғазнавий билан бўлган мужодаласи турли тарихларда турлича баён этиб ўтилган, бу ҳақда қатор илмий, адабий асарлар яратилган. Зайниддин Восифий ўзининг «Бадоеъул вақоеъ»сида бу масалани бир мунча аниқ талқин этиб ўтганки, мен бу ўринда ушбу мавзуни қиссадан ҳисса тарзида қисқача баён этиб ўтишни лозим топдим.

“Одам атодан шу кунгача...”
Вақтики Абулқосим Фирдавсий  “Шоҳнома”ни ёзиб битиргандан сўнг ўша давр таомилига мувофиқ  ўз асарини энг зўр ҳукмдор Маҳмуд Ғазнавийга кўп қийинчиликлар, тўсқинликлар билан тортиқ қилганида асар Султонга маъқул бўлади ва ўз вазири Хожа Ҳасан Маймандийга: “Фирдавсийга юз минг дирам қизил тилло берилсин, зеро Одам Атодан шу кунгача ҳеч ким бунчалик назм айтмаган ва айта олмайди ҳам”, – деб буюради. 

Вазир Маймандийнинг эса шоирга нисбатан дилида ғарази бор эди: Фирдавсий султон даргоҳи аъёнларидан бир қанчасини мадҳ этган ҳолда Маймандийни тилга ҳам олмаган эди. Шу боисдан у Султонга: “Фирдавсийга ҳар қанча инъом берилса арзийди, аммо оз-оздан берилгани маъқулмикин?”– дейди. 

“Нима, хазинамда шунчалик зар йўқми?”– дейди Султон жаҳл билан. “Султоним, агар истасалар ундан юз чандон ортиғи билан топилади, – дейди вазир, – аммо бундай катта бойликни кўрган одам хурсандликдан юраги ёрилиб ўлиши мумкин. Гарчи Фирдавсий рофизий ва муътазилий бўлса ҳам ачинасан киши...” 

Вазирнинг атайлаб тўқиб айтган бу гаплари мутаассиб султонга ёмон таъсир қилади ва у қовоғини солиб: “Билганингни қил. Ишқилиб, уни рози қилсанг бўлди...”– дейди. 

Тилла ўрнига кумуш
Вазирнинг буйруғи билан Фирдавсийга олтмиш минг дирам кумуш пул олиб бориб берадилар. Ўз меҳнатига берилган бу арзимаган ҳақни кўриб хафа бўлган шоир бу кумуш чақаларнинг бир қисмини ҳаммомчига, бир қисмини бўзчига ва бир қисмини уни олиб келган кишига беради ва: “Султонга менинг таъзимимни етказ. Мен ўз асаримни молу дунё учун эмас, ўз номимнинг боқий қолиши учун ёзганман”, – дейди. 

Бу гап Султонга етиб боргач, у Хожа Ҳасанга ғазаб қилиб: “Мана, сендан чиққан маслаҳатнинг оқибати. Энди шоир мени бадном қилади”, – дейди. Бунга жавобан вазир: “Шоҳим, Султондан нимаики келса, фуқаро уни улуғ тутиши лозим. Унга бир бўлак кесак бериладиган бўлса ҳам уни хор қилмаслиги шарт. Бу одам сизнинг инъомингизни хор қилибди, жазога лойиқдир”, – дейди. 

Султон бу сўзларга ишониб: “Фармоним шу: бундай қарматий фил оёқлари остига ташлансин”, – деб буйруқ беради. 

Бу даҳшатли фармондан саройдаги дўстлари орқали огоҳ бўлган Фирдавсий зудлик билан Ғазнадан чиқиб кетади. Шоҳ дарғазаб бўлиб Хожа Ҳасан Маймандийни қатл эттиради.

Кечиккан марҳамат
Орадан йиллар ўтади. Фирдавсий Маҳмуд Ғазнавий ғазабидан қочиб, яшириниб юради. Бу орада Султон ғуз қабиласи билан уруш олиб боради, улар ўртасида музокара – ёзишмалар бўлиб ўтади, ғузлар Султонга мардлик ва жасорат уфуриб турган шеърий парча билан жавоб қиладилар. Султон бу ажойиб шеърий парча қаердан олинган, қайси шоирники, деб сўраганда бу оташнафас мисралар Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сидан эканлигини айтишади. 

Султон шундагина қандай мислсиз, жавоҳирлардан ҳам қиммат асардан юз ўгирганлигини пайқаб, ўз хатосини тушунади ва юз минг мисқол тиллони туяларга ортиб, Тусга элтишни, Фирдавсийга топшириб, ундан узр сўрашни буюради. Аммо Туснинг бир дарвозасидан Султон тиллолари ортилган туялар кирганда унинг иккинчи дарвозасидан Фирдавсийнинг тобути чиқиб бораётган эди...

Ор-номус, ғурурни ҳар нарсадан устун қўйган шоир умрининг сўнгида битилган “Тавбанома”сидан шундай байтларни битганди:

Энди Фаридунни мадҳ этмоқ қайда,
          Заҳҳок тахтин олса, менга не фойда?
          Қайқубод тожидан жонимга озор,
          Ковус тахтидан ҳам қолмади осор.
          Шоҳлардан ёзмайман энди мен асло,
          Даргоҳи кўнгилга урди мутлақо.
          Беҳуда гапларни айтмай энди ҳеч,
          Ақл дер, беҳуда лоф урмоқдан кеч!

Ордана минг йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, Фирдавсийнинг шоҳ асари “Шоҳнома” дунё адабиётининг бемисл жавоҳирларидан бири сифатида қалблардан жой олиб келмоқда. 

Мухтор Худойқулов

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!