Андижонлик шифокор аёл янги туғилган чақалоқни 2000 ақш долларига пуллади

12:37, 16 ноябрь

Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, дейдилар. У бу қилмишини такрор содир этиб, уч йилу тўққиз ой муддатга озодликдан маҳрум этилди

Ҳуқуқ газетасининг 42-сонида тафсилоти келтирилган жиноят иши ана шу ҳақда. 

Наргиза (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва Бахтиёрнинг қалбидаги муҳаббат йиллар ўтиб сўнди. Алал-оқибат, икки нафар гулдек дилбандларини мўлтиратиб ажрашиб кетишди.

Наргиза аввалига ота уйида яшаб, уй юмушлари билан ўзини овутса-да, вақт ўтиб алоҳида уй сотиб олиш, алоҳида оила юритиш қутқуси оромини ўғирлади. Шу боис, икки фарзандини онасига ташлаб, Россия Федерациясига ишлагани кетди.

У ҳали ёш бўлгани боис, Россияга борганига кўп бўлмай "ошиқлари" кўпая бошлади. Аммо уларнинг барчаси кўнгилхушлик учун Наргизани ширин ёлғонларга кўмарди. Наргиза бу ёлғонларга ишонди ва кўп ўтмай ҳомиладор бўлиб қолди.

2015 йилнинг ёзида Андижонга қайтганида ой-куни яқинлашиб қолганди. Шу боис, ота-онаси ва яқинларига кўринишдан уялди ва аммаси Раҳимадан болани бир нима қилиш учун ёрдам сўради.

Раҳима аввалига жиянини обдон койиса-да, бироқ булар иш бўлганини англаб, уни Жалақудуқ туманидаги таниши — акушер-гинеколог Зайнаб Умарованинг ёнига бошлаб борди. Вазиятни тушунтирди.

З.Умарова 2015 йилда ҳам чақалоқ савдоси билан шуғуллангани учун судланган бўлса-да, жазодан ўзига хулоса чиқармасдан яна ўрганган кўнгил ўртанса қўймас қабилида иш тутди. 

Хонободдаги шифохонага навбатчилиги сабаб уларни ўша ерга олиб борди. Навбатчиликни қабул қилиб олгач, Наргизани ичкарига олиб кирди.Маълум вақт ўтиб, Наргизанинг тўлғоги кучайди...

Ўғил чақалоқ туғилишининг эртаси куни Наргиза сал ўзига келиб олгач, аммаси билан шифохонани тарк этди.

Шифокор аёл эса ўз ғаразли режасини амалга ошириш мақсадида туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотномага чақалоқни сотиб олаётган оила бекаси — Зарнигор Маматованинг исм-фамилиясини қайд этди. Сўнгра шифохона маъмуриятига чиқиб, ушбу ҳужжатни рўйхатдан ўтказиб, муҳр урдирди.

Бош шифокор йўқ пайтларида унинг ўрнига айрим ҳужжатларга қотиба қизнинг муҳр уриб бериши З.Умаровага қўл келди.

Шу тариқа чақалоққа янги ота-онаси қайд этилган туғилганлик гувоҳномаси олинди. Аввалдан келишилган 2000 АҚШ доллари 3.Умарованинг киссасига тушди.

Ҳеч бир эгри иш ёпиқлигича қолиб кетмагани каби, 3.Умарованинг ушбу жинояти ҳам куни келиб фош этилди. У суд ҳукмига асосан уч йил тиббиёт соҳасида ишлаш ҳуқуқидан, шунингдек, уч йилу тўққиз ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!