Адҳамжон Эргашев Осиё чемпионатининг энг яхши атлети деб топилди

14:25, 16 ноябрь

Япония пойтахти Токио шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати якунланди. Аввал хабар бериб ўтганимиздек мусобақанинг дастлабки кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, жаҳон чемпиони Адҳамжон Эргашев ўсмирлар ўртасида 62 килограмм вазн тоифасида даст кўтаришда 121 кг, силтаб кўтаришда 151 кг, умумий 272 кг натижа билан олтин медалга сазовор бўлган ва Осиё чемпионлигини тантана қилганди. 

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг хабар беришича, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этган ҳамюртимизнинг маҳорати Осиё оғир атлетика федерацияси ва қитъа чемпионати ташкилотчилари эътиборидан ҳам четда қолмади ва  Осиё  чемпионати якунида Адҳамжон Эргашев Осиё чемпионатининг энг яхши атлети совринига муносиб кўрилди.

Шуни алохида таъкидлаш керакки кунчиқар юртда ташкил этилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси 10 нафар спортчи билан иштирок этган бўлса улардан олтитаси совринли ўринларга сазовор бўлишди. Адҳамжон Эргашев делегациямиз ҳисобига иккита олтин медал келтиргани хақида айтиб ўтдик, шунингдек Фарход Собиров 1 та олтин ва 2 та кумуш медаллари билан умумий ҳисобда шохсупанинг иккинчи поғонасидан жой олди.

Шаҳзод Худойберганов эса ҳар уччала йўналишда бронза медали билан тақдирланди. Александр Ли битта кумуш ва иккита бронза медали билан 3-ўринга муносиб кўрилган бўлса, Осиё чемпионатида иштирок этган ҳар иккала қизимиз ҳам совринсиз қолишмади. 58 кг вазн тоифасида Муаттар Набиева учинчи ўринни, 69 кг вазн тоифасида эса Омадой Отақўзиевалар иккинчи ўринни эгаллашди. Ану шу тариқа умумжамоа ҳисобида Ўзбекистонлик атлетлар 2 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медаллари билан Осиё чемпионатини Эрон ва Япониядан сўнг фахрли учинчи ўринда якунлашди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!