БМТ: Нигерия шимолида 75 минг нафар бола очлик ва ўлимга маҳкум

15:47, 16 ноябрь

Нигериянинг шимоли-шарқида жойлашган Борно штатида яқин икки ой ичида 75 минг нафар бола очликдан ўлишга маҳкумлигини, БМТ ҳам уларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга қурби етмаслигини тан олган, деб хабар берди “1news.az” нашри. 

БМТ инсонпарварлик дастури координатори Петер Лундбергнинг сўзларига қараганда, бу ҳуддуда яқин кунгача “Боко Ҳарам” экстремистик гуруҳи хўжайинчилик қилган. Ҳозирда  ҳудудда 14 миллион одам инсонпарварлик ёрдамига муҳтож бўлиб кун кечирмоқда.

Лундбергнинг таъкидлашича, террорчиларнинг қўлидан озод этилганларнинг 400 минг нафари вояга етмаган болалар ҳисобланади. Ҳукумат ва жиҳодчилар ўртасида етти йилдан бери давом этиб келаётган жанжал туфайли ўн минглаб одамлар ҳалок бўлган, икки миллионга яқин маҳаллий аҳоли қочоқларга айланган. 2014 йилнинг апрель ойида “Боко Ҳарам” жангарилари Чибокедаги мактабдан 250 нафар ўқувчи қизни ўғирлаган. Улар қизларнинг эвазига қўлга тушган жангариларни қўйиб юборишни талаб қилган. Айни дамда жангариларнинг қўлида 200 нафарга яқин қизлар тутқинликда сақланмоқда. Жорий йилнинг октябрь ойида “Боко Ҳарам” террорчилик гуруҳи Халқаро Қизил Хоч ва Швецария ҳукуматининг музокараларидан кейин 21 нафар қизни қўйиб юборишга рози бўлган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!