Юзи оловда эриган қиз жарроҳ яратган мўъжиза туфайли аслига қайтди

17:08, 16 ноябрь

Зубайда Ҳасан оиласи билан Афғонистоннинг чекка қишлоғида яшаган, деб хабар берди “Тopfact.su”  нашри. 

2001 йилда қизча 9 ёшдалигида содир бўлган ёнғин унинг ҳаётини остин-устин қилиб юборди. Оловдан қизчанинг танаси, айниқса юз қисми кучли куйган. Куйиш оқибатида унинг юзи оқиб тушиб, бўйни билан бирлашиб кетган. Зубайданинг ота-онаси маҳаллий врачларга мурожаат қилади, аммо улар қизнинг юзини асл ҳолига қайтаришга ожизликларини тан олишади. Шунда Зубайданинг отаси қизни АҚШ ҳарбий базасига олиб бориб, ёрдам сўрайди.

Унинг аҳволини тушунган ҳарбийлар қизга ёрдам беришга қарор қилишади. Зубайда кучли оғриқлардан азобланар, терисининг тортилишидан на ўтира олар, на ёта оларди. Ҳарбийлар Лос-Анжелос шаҳридаги пластик жарроҳ билан алоқага чиқишади. У қизчани операция қилишга кўнади. Улар гаплашган врач айнан куйган одамларни операция қилишга ихтисослашганди.

Доктор Гроссман уни олдинда мушкул вазифа кутиб турганини яхши биларди. У Зубайданинг ота-онасига бу жуда узоқ жараён эканлигини, вақт кераклигини, битта операция билан иш битмаслигини, қизча бир неча операцияни бошдан ўтказиши лозимлигини тушунтиради.

Ўтказилган бир неча операциялар давомида қизчанинг елка қисмидан тери кўчириб ўтказилади ва қизнинг юзи ўз ҳолига қайтади. Бу ҳақиқатан ҳам жуда нозик операция эди. 

Зубайда ўн иккинчи операцияни бошдан кечиргандан кейин доктор Гроссман рафиқаси билан келишиб, ўзига келгунча уни уйига олиб кетишга қарор қилади. Қизча докторнинг уйида унинг чандиқларидан қўрқмайдиган тенгдошлари билан дўстлашади. Зубайда доктор ва унинг рафиқасига меҳр қўйганидан уларни “дада”, “ойи” деб чақира бошлади. Унинг даволаниб, батамом тузалиши 3 йилга мўлжалланган бўлса-да,  1 йилда асл ҳолига қайтди. Доктор Гроссманнинг шахсан ўзи тузалгандан кейин Зубайдани Афғонистонга ота-онасининг олдига олиб борди. Зубайда ва унинг яқинлари, ота-онаси бундай меҳрибон ва оқкўнгил доктордан бир умрга миннатдор бўлишди!

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!