Ота комада ётган ўғлига уланган аппаратни врачларнинг ўчиришига йўл қўймади ва мўъжиза рўй берди …

10:12, 17 ноябрь

2015 йилнинг баҳорида АҚШнинг Техас штатида яшовчи 59 ёшли Жорж Пикерингнинг оиласида мусибат юз берди, деб хабар қилади “Рrostoudivitelno.ru” нашри.

Унинг 27 ёшли ўғли, ягона фарзанди бир неча инсультни бошдан кечириб, касалхонада комада ётарди. Ўша куни кечқурун врачлар қўнғироқ қилиб, ўғлининг мияси “ўлганлиги”ни, энди унга ҳаёт билан таъминловчи аппаратнинг ҳожати йўқлигини маълум қилишди. Жорж бу хабарни кўтара олмади, у врачлардан аппаратни ўчирмасликни, агар ўчирадиган бўлса, жонига қасд қилишини айтиб бақирди.

Орадан кўп вақт ўтмай, клиника остонасида 9 миллиметр калибрли тўппончани белига қистирган Жорж пайдо бўлди. У ўғли ётган интенсив палата томон йўл олди. Бу ерда уни ўғлининг даволовчи врачи кутиб олди. У отага тиббий комиссиянинг аппаратни ўчириш ҳақидаги қарорини етказди. 

Ўзини қўйишга жой топа олмаган Жорж тўппончани чиқариб, врачлардан уни ўғли билан ёлғиз қолдиришни талаб қилди. Шундан кейин Жорж Пикерингнинг клиника ходимлари ва полиция билан тўрт соатлик олишуви бошланди. Полиция ва махсус отряд ходимлари клиника биносини ўраб олди. Жорж эса ўғлининг қўлини маҳкам қисиб, “Ўғлим, мени эшитаётган бўлсанг, қўлимни қис, жавоб бер...”, деб қўрқа-писа деразадан мўралаб қўярди. У ўғлига қайта-қайта мурожаат қилишдан тўхтамади, шунда мўъжиза рўй бериб, ўғли унинг қўлини маҳкам сиқиб қўйди…

“Ўғлим қўлимни уч-тўрт маротаба қисди, бу ҳақиқий мўъжиза эди, – деб эслади кейинчалик Жорж Пикеринг, – ўғлимнинг мияси “ўлмаганлиги”ни сезгандим. Ахир у менинг ўғлим, унинг нималарни ҳис қилаётганини ота сифатида сезаман”.

Тўрт соатлик қаршиликдан кейин Жорж Пикеринг ўз ихтиёри билан полицияга таслим бўлди. Аммо ўғлининг ҳали тириклигини бошқаларга исботлай олди. Ҳодиса рўй бергунга қадар, клиника врачлари у билан ўғлининг соғлом тана аъзоларини бошқа беморларга кўчириб ўтказиш масаласини муҳокама қилишга ҳаракат қилишган эди. Аммо энди улардан ҳеч ким унинг 27 ёшли ўғли ўлимга маҳкумлиги ҳақида сўз очишга журъат этолмади.

 

Орадан бироз вақт ўтгач, Жорж Пикерингнинг ўғли комадан чиқиб, ўзига келди. Ҳозирда эса батамом тузалиб кетган. Ўша куни ёнбошига ағдарилиб, онасига кўзи тушди ва “Онажон, мен сизни яхши кўраман!” деди. Жорж Пикерингни эса полиция қамоққа олди, кейинчалик жазони енгиллаштиришди, айни кунларда эса у қамоқдан озод бўлди. “Албатта, отам қонунни бузди, – дейди Жорж Пикерингнинг ўғли бўлиб ўтган воқеаларни эслаб, – отам бу ишни бировларга ёмонлик қилиш ниятида амалга оширгани йўқ. Агар бундай йўл тутмаганида, мен бу ерда ўтирмаган бўлардим, ҳаммасига фарзандига нисбатан бўлган оталик муҳаббати сабаб бўлди...”

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!