Ўзбекистондаги мактабларда фастфуд, чипс ва газланган ичимликлар сотилиши тақиқланади

10:18, 17 ноябрь

Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлигини белгиловчи омилларнинг 50 фоизи унинг овқатланиши ва ҳаёт тарзига, 20 фоизи наслга ва 10 фоизи тиббий хизмат сифатига боғлиқ экан, деб ёзади ЎзА. 

Бундан келиб чиқадики, инсоннинг яшаш тарзи ва овқатланиш маданияти унинг саломатлигида муҳим ўрин тутади. Абу Али ибн Сино узоқ умр кўришнинг асосий омили сифатида тўғри овқатланиш масаласига алоҳида эътибор қаратган. 

Эртамиз эгаларининг ҳар жиҳатдан соғлом, маънан етук, жисмонан бақувват бўлиб вояга етиши, замонавий касб-ҳунар сирларини ўрганишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқувчиларнинг таълим муассасаларида белгиланган ўқув дастурларини тўлиқ ўзлаштиришида тўғри ва сифатли овқатланишга риоя қилиши муҳим саналади. 

Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси томонидан 2016-2020йилларда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. 

Мамлакатимизда ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш, мактаб ошхоналарида юқори калорияли, витаминли маҳсулотлар сонини кўпайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратишга доир меъёрий-ҳуқуқий база мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 29 августдаги “2015-2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш концепциясини ва чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 августдаги “Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 2 майдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. 

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари таълим муассасаларининг ошхоналарида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, уларда фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, ошхона ходимларининг санитария-гигиена талабларига риоя этишини аниқлаш мақсадида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши ҳамда унинг ҳудудий комиссиялари назорат ишларини олиб боради. 

Таълим муассасаларининг ошхоналарини ижарага бериш бўйича ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатидан келиб чиқиб, уларнинг ошхоналарини ижарага беришда “ноль” ставкаси белгиланди. Жорий йилдан бошлаб таълим муассасаларининг мактаб ошхоналарини ижарага бериш бўйича танлов ўтказилиши режалаштирилган. 

Халқ таълими вазирлиги томонидан ҳам манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда таълим муассасаларининг ошхона ва буфетларида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена талабларига мос шарт-шароитларни яратиш, ўқувчиларга сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатлар сифатини назорат қилишни кучайтириш, ошхоналарни ижарага олувчи юридик шахсларга қулай шарт-шароитлар яратиш масалалари таҳлил этилмоқда. Бунда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, айниқса, қишлоқ жойлардаги муассасаларда ошхона ва буфетлар ташкил этиш, уларни таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларини босқичма-босқич амалга ошириш, ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш ишларини янада такомиллаштириш, ошпазларнинг замонавий технологиялар ва усуллар асосида ишлашини ташкил этиш ҳамда уларнинг малакасини доимий ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қарорга мувофиқ мамлакатимизнинг олис ҳудудларидаги ошхонаси бўлмаган умумтаълим мактабларида буфетлар шаклидаги ошхоналар барпо этилиши бошланди. Ишламаётган ошхоналар қайта жиҳозланиб, фаолияти йўлга қўйилмоқда. 2017 йилдан бошлаб ҳар бир вилоятда таом тайёрловчи комбинатлар ишга туширилса, 2018 йилда ҳар бир туманда шундай муассасалар пайдо бўлади. Барча таомлар махсус термоидишларда ташилади. 

Мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун уларнинг ёши ва эҳтиёжи эътиборга олинган махсус таомнома-дастурлар қабул қилинади. 

– Ўсаётган боланинг овқатланиш рационини витамин-минераллар билан бойитиш жуда аҳамиятли, – дейди шифокор Сусанна Иброҳимова. – Болада бўй ва тана вазнининг меъёридан ортда қолиши унинг овқатларида витамин ва минералларнинг етишмаслиги билан боғлиқ бўлади. Мактаб ўқувчиларининг овқатланиш рационида гўшт, сут, тухум, балиқ ва балиқ маҳсулотларини кўпайтириш лозим. Нон ва нон маҳсулотларини меъёридан кўп истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Кўпроқ сабзавотлар, меваларни истеъмол қилиш боланинг ошқозон-ичак тизимини яхшилаб, ақлий фаолиятини ривожлантиради. Сосиска, гамбургер, қовурилган картошка, майонез ва кетчупли маҳсулотлар ва шоколадли ширинликларни назоратсиз истеъмол қилиш ўқувчи соғлиғи учун зарарли ҳисобланади. 

Маълумотларга кўра, дунё миқёсида касалликларнинг 80 фоизи айнан овқатланишга эътиборсизлик оқибатида юзага келмоқда. Сурункали инфекцион ва юрак-қон томир хасталиклари ҳам нотўғри овқатланиш сабаб пайдо бўлаётгани маълум. Таом истеъмолидаги пала-партишлик ёки меъёрни билмаслик, жисмоний ҳаракатнинг сусайиши кўплаб тиббий-ижтимоий муаммоларни келтириб чиқармоқда. 

2016-2017 ўқув йилининг 2-чорагидан бошлаб барча умумтаълим мактабларидаги бошланғич синф ўқувчиларига синфдан ташқари машғулотлар учун белгиланган соатлар доирасида "Тўғри овқатланиш дарслари" машғулотлари ўтказилади. Таълим муассасаларида “Саломатлик сабоқлари”, “Соғлом авлод асослари”, “Соғлом оила асослари” дарслари орқали ташкил этилаётган семинарлар, давра суҳбатлари, соҳа мутахассислари билан учрашувларда тўғри ва соғлом овқатланиш қоидалари юзасидан сабоқ берилмоқда. Дарсларда ўқувчиларга соғлом овқатланиш тартиби, санитария ва гигиена қоидалари, зарарли одатлар ва уларнинг олдини олиш, витаминларнинг инсон саломатлигидаги аҳамияти бўйича тушунчалар берилмоқда. 

– Умумтаълим мактабларнинг 1-4 синф ўқувчилари учун 8 номдаги мультимедиа маҳсулотлари ишлаб чиқилган бўлиб, ундан “Кун тартиби”, “Тўғри овқатланиш”, “Шахсий гигиена”, “Зарарли одатлар”, “Витаминлар”, “Жисмоний фаоллик ва спорт” каби мавзулар ўрин олган, – дейди Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси етакчи назоратчиси Абдурашид Содиқов. – “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурининг 33-бандига кўра, Халқ таълими вазирлиги зиммасига бошланғич синф ўқувчилари учун “Тўғри овқатланиш дарслари” таълим дастурини яратиш, уни тажриба тариқасида Бухоро вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги 50 мактаб ўқувчилари орасида тарқатиш вазифаси белгиланган эди. Шу боис “Тўғри овқатланиш дарслари” иш дафтари ҳамда ўқитувчилар учун методик қўлланма ишлаб чиқилиб, тегишли ҳудудларда ўқувчи ва ўқитувчиларга тарқатилди. Мазкур дастур асосида 1-, 2-синф ўқувчилари ва мактабгача таълим муассасаларининг тайёрлов гуруҳларида машғулотлар олиб борилмоқда. 

Бугун мактабларнинг ошхоналарида ўқувчиларга таклиф этилаётган егуликларнинг сифатини назорат қилувчи махсус комиссия фаолияти қатъий йўлга қўйилиб, иссиқ овқат, турли шарбатлар, пишириқларнинг асосий озиқ моддалар – оқсил, ёғ, углевод, турли витаминлар, минералларга бой бўлишига ошхона ходимлари жавобгарлиги белгиланган. Улар таълим муассасалари ошхоналарида ўқувчиларнинг тўғри овқатланишини ташкил этиб, бола организми учун зарарли маҳсулотлардан воз кечмоқда, сифатли ва витаминларга бой озиқ-овқатларни сотиш тизимини самарали йўлга қўймоқда.

– Афсуски, баъзи мактаб ошхоналарида ҳали-ҳанузгача сотилиши тақиқланган маҳсулот ва таомлар ҳам мавжуд, – дейди педагог Нигора Мирзаева. – Гамбургер, чизбургер, хот-дог, сосиска ва колбаса маҳсулотлари, қовурилган картошка (чипс), газланган салқин ичимликлар, қисман бўлса-да, сотилмоқда. Мактаб ошхоналаридаги маҳсулотлар сифатини назорат қилувчи махсус комиссиялар фаолиятини янада кучайтириш, соғлом овқатланиш рационига риоя қилишга ўргатиш лозим. 

Бугун фарзандларимиз ҳеч кимдан кам бўлмай, соғлом ва баркамол бўлиб улғаймоқда. Уларнинг соғлом овқатланиши, витаминли маҳсулотлар истеъмол қилиши пухта билим олиб, фанларни аъло даражада ўзлаштиришида муҳим аҳамият касб этади. Ота-оналар билан бир қаторда педагоглар, соҳа мутахассислари ўқувчиларнинг нафақат билим олиши, овқатланиш рационига ҳам жиддий эътибор қаратиши юрт тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир баркамол авлодни шакллантиришга хизмат қилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!