39 мингдан зиёд кўзи ожиз фуқаро Брайль алифбосида тайёрланган бюллетенда овоз беради

12:23, 17 ноябрь

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига доир таклифнома ва сайлов бюллетенининг янги варианти ишлаб чиқилиб тарқатилаётгани ҳақида аввал хабар бергандик.

Кўзи ожиз фуқароларга брайль алифбосида сайлов мавзуси бўйича турли рисолалар чоп этилмоқда. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи бўлиб илк марта кўзи ожизлар учун мўлжалланган сайлов бюллетенлари тайёрланмоқда. 

Республика бўйича 39 мингдан зиёд кўзи ожиз фуқаро рўйхатга олинган. Барчаси сайлаш ҳуқуқига эга. Айни пайтда жамиятимиз томонидан улар орасида жорий йилги сайловда бўртма шрифтли алифбо асосида сайлов бюллетенлари амалиётга татбиқ этилаётгани ҳақида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Илгари кўзи ожизлар бюллетенларни ўзи ўқиб, белгилаш имконига эга эмасди. 

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясидан маълум қилишларича, муайян қонун ҳужжатларнинг тегишли бандига мувофиқ мамлакатимизда истиқомат қилаётган кўзи ожиз фуқаролар ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиши учун сайлов бюллетенлари брайль алифбоси асосида зарур миқдорда ўзбек ва рус тилларида чоп этилмоқда. 

Бюллетенда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар тўғрисидаги маълумотлар берилган, унинг ўнг томонида бўш квадратларда чегаралари рельефли-нуқтали бўртмалар орқали жойлаштирилган. 

Айни пайтда кўзи ожиз сайловчилар учун нашр этилган сайлов бюллетенлари тегишли тартибда расмийлаштирилиб, округ сайлов комиссияларига юборилмоқда. Участка сайлов комиссиялари кўзи ожиз сайловчилар учун сайлов бюллетенларини округ сайлов комиссияларидан олади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!