Билл Клинтон рафиқаси Хиллари билан суҳбатлашгач, телефонни деразадан улоқтирди

13:26, 17 ноябрь

Эр-хотин Клинтонларга яқин манбаларнинг хабар беришича, АҚШдаги президент сайлови натижалари эълон қилинишига бир неча кун қолганда Билл рафиқаси Хилларига шундай жаҳл қилдики, ғазабдан хотини билан гаплашган телефон аппаратини деразадан улоқтириб юборди, деб хабар беради “Вести”. 

 АҚШнинг собиқ президенти рафиқасини сайловларда мағлуб бўлганликда айбламоқда. 
“Биллнинг шу қадар жаҳли чиқдики, Арканзас штати Литл-Роке шаҳридаги қасри деразасидан телефонини улоқтириб юборди. Мен унинг юраги ҳуруж қилишидан қўрқиб кетдим”, — деб ҳикоя қилади АҚШнинг собиқ президенти билан бирга ишловчи ходим. 
Исми ошкор қилинмаётган манбанинг айтишича, Билл Клинтон Хиллари ва тарафдорлари унинг сўзларига қулоқ солмаганидан ва оқибатда рафиқасининг сайловда мағлубиятга учраганидан ғазабланган.

Билл Клинтон рафиқасига сайловолди дастурида америкаликлар ҳаётини яхшилаш ва иқтисодий муаммоларни ҳал этишга урғу беришни маслаҳат берган. Хиллари эса сайловолди кампанияси доирасида Трампинг кирдикорларини очишга уринган. Натижада сайловда ғалаба қозона олмаган. 
Хиллари Клинтон ўз навбатида сайловда ғалаба қозона олмаганида ФҚБ бошлиғи Жеймс Комини айбламоқда. У сайловга бир неча кун қолганида Хилларининг хизмат доирасидаги ёзишмаларини тадқиқ қилган эди. 

Аввалроқ хорижий ОАВларда Билл ва Хиллари Клинтонларнинг ажрашиши тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлган эди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!