Халқаро кузатув: Амалиёт ва демократик андозалар

14:49, 17 ноябрь

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси ўзининг ҳал қилувчи палласига кирди. Маълумки, Марказий сайлов комиссияси шу йилнинг 9 сентябрь куни сайлов кампаниясини эълон қилгач, халқаро ташкилотларга, бир қатор хорижий мамлакатларга сайловни кузатишда иштирок этиш учун таклифнома юборди. Бу билан юртимизда сайлов жараёнининг очиқ ва ошкоралигини, Ўзбекистоннинг халқаро ҳужжатлар доирасида олган мажбуриятларига масъуллигини ҳамда умумэътироф этилган демократик тамойилларга содиқлигини намойиш қилди.

Шу кунларда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси узоқ муддатли кузатувчилари сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқда. Кузатувчилар халқаро сайлов стандартлари ва миллий сайлов қонунчилиги асосида сайлов жараёнининг барча босқичини, Президентликка номзодлар томонидан сайловолди ташвиқотини олиб бориш масалаларини, оммавий ахборот воситаларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича фаолиятини, шунингдек, аҳолининг турли қатламлари электорал фаоллиги даражасини ўрганаяпти.

Мухбиримиз Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Мариника Бобоназарова билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар фаолиятининг ҳуқуқий асослари хусусида суҳбатлашди.

— Халқаро кузатув — сайлов тизимининг муҳим ­институтларидан бири бўлиб, нафақат ушбу сиёсий тадбирнинг очиқ ва ошкоралиги ҳамда сайловчилар ишончи юксалишига, айни пайтда ўзаро билим алмашиш, сайлов жараёнининг энг яхши амалиёти билан танишиш асосида ушбу тизимни изчил демократик ривожлантиришга ҳам хизмат қилади, — дейди у. — Халқаро кузатувлар давлатлар ўртасида ижтимоий-сиёсий соҳада икки ва кўп томонлама ҳамкорликни, шунингдек, мамлакатимизнинг халқ­аро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида нуфузини мустаҳкамлашда ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Юртимизда сайловларни халқаро кузатишнинг мана шундай аҳамиятини ҳисобга олган ҳолда, унинг ҳуқуқий асосларини шакллантиришда умумэътироф этилган сайлов стандартлари асосида халқаро кузатув институтини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Ушбу соҳада халқаро стандартларнинг аҳамияти қандай ва улар қай тарзда шаклланган?

— Маълумки, умумэътироф этилган сайлов стандартлари Фуқаролик ва ­сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Европа конвенцияси, МДҲ аъзо-давлатларида Демократик сайлов, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари стандартлари тўғрисидаги конвенция сингари ҳужжатларда мустаҳкамлаб қўйилган. Улар ­Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа ­сиёсий декларацияларда, шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ҳужжатлари, Европа Кенгаши Венеция комиссиясининг сайлов масалаларига оид кодексида ҳам ўз ифодасини топган.

1990 йилда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгаши конференцияси якуний Копенгаген ҳужжатини қабул қилди. ЕХҲТ иштирокчи-давлатларининг халқаро кузатувчиларни “уларнинг миллий сайловини қонун билан рухсат берилган ҳажмда кузатиш” учун таклиф қилиш бўйича мажбурияти миллий демократик сайловларни ташкил этиш ва ўтказишнинг муҳим сиёсий тамойиллари сифатида кўзда тутилган. Халқаро кузатув институтининг асосий вазифаси “сайлов ўтказилаётган давлатлар учун сайлов жараёнининг нуфузини ошириш” сифатида белгиланган.

Шундай қилиб, иштирокчи-давлатлар сайловларни кузатиш ушбу сиёсий тадбирнинг шаффофлиги ҳамда ҳисобдорлигини таъминлаш, аҳолининг сайлов жараёнига ишончини оширишда муҳим роль ўйнашини эътироф этишган. 1990 йилнинг ноябрь ойида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгашининг Париждаги конференциясида якуний ҳужжат — Янги Европа учун Париж хартияси қабул қилинди. Унда иштирокчи-давлатлар қароргоҳи Варшавада жойлашган “иштирокчи-давлатлардаги сайловлар тўғрисида алоқаларга кўмаклашиш ҳамда ахборот алмашиш учун эркин сайловлар бўйича бюроси”ни тузишга келишиб олишди. 1992 йилда мазкур тузилма номи Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси деб номланиб, инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият кўлами янада кенгайди.

1999 йили Истамбулдаги олий даражадаги учрашувда Европа хавфсизлиги хартияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжатни имзолаган давлатлар “ўз ҳудудида ўтказилаётган сайловларга иштирокчи-давлатлардан, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросидан, Парламент Ассамблеясидан, сайлов ўтказилишини кузатишни хоҳлаган тегишли ­институт ҳамда ташкилотларни таклиф қилиш” мажбуриятини ўз зиммасига олди. Ҳужжатда қайд этилишича, давлатлар Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг сайловни ўтказиш жараёни баҳоланган хулосалари ҳамда тавсияларига тезкорлик билан муносабат билдиришга келишишган.

Шуни қайд этиш керакки, сайловларнинг халқаро кузатуви қатор тамойилларга, хусусан, кузатилаётган сайлов жараёнига аралашмаслик ва холислик, шунинг­дек, сайловни кузатиш жараёнининг қонунийлигига, унинг натижаларига таъсир кўрсатмаслиги сингари принципларга асосланиши лозим.

— Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси қандай стандартларга амал қилади?

— Муҳим масалани кўтардингиз. Биз юқорида қайд этган ҳужжатлар ҳуқуқий мақомга эга эмас. Мазкур ҳужжатлар доирасида ўз зиммасига иштирокчи-давлатлар халқаро стандартларни имплементация қилиш бўйича сиёсий мажбуриятни олган.

Айни пайтда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан ички ҳужжатлар ишлаб чиқилган бўлиб, кузатувчилар ўз фаолиятини улар асосида олиб боради ҳамда бу стандарт вазифасини ўтайди. Кузатувчилар ушбу ҳужжатларга амал қилиши лозим. Масалан, 1994 йили Демократик инс­титутлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Будапешт саммитида сайловгача, овоз бериш куни ва унинг якунланишида, яъни бутун сайлов кампанияси давомида кузатув институтининг ролини ошириш топширилган. Бунда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритиши учун шарт-шароитларни баҳолаш, бошқа ташкилотлар билан кузатувларни мувофиқлаштириш, шунингдек, сайловларни кузатиш бўйича қўлланма тайёрлаш каби вазифалар белгиланган.

Айнан ўша топшириққа биноан, 1996 йилдан бери ЕХҲТ Демократик ­институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Сайловларни кузатиш қўлланмасини мунтазам чоп этиб келади. Кузатувчилар ахлоқи кодекси унинг асосий таркиби бўлиб, у мазкур тузилма томонидан сайловлар мониторингида иштирок этадиган барча кузатувчи учун мажбурийдир. Жумладан, унда Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилар миссияси аъзолари сайлов жараёнига аралашмаслиги, сайлов жараёни ва ўз кузатуви моҳияти ҳақида янглиш хулоса қилишдан ҳамда оммавий ахборот воситалари вакилларига баҳосини беришдан тийилиши лозимлиги белгиланган.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, қолаверса, сайловларни кузатиш миссиялари ходимлари учун батафсил ва махсус тавсия­лар тайёрланган. Сайловларнинг узоқ муддатли кузатувчилари учун қўлланма, Хотин-қизларнинг сайловларда иштирокини мониторинг қилиш бўйича қўлланма, Сайловнинг қонунчилик асосини таҳлил қилиш бўйича тавсиялар, Миллий камчилик вакилларининг сайлов жараёнида иштирок этишига хизмат қилувчи тавсиялар, ЕХҲТ ҳудудида сайловлар масалалари бўйича баҳсларни ҳал қилиш қўлланмаси, шунингдек, ЕХҲТ иштирокчи-давлатларида демократик сайловларни ўтказиш бўйича мавжуд тавсиялар ва бошқа ҳужжатлар шулар жумласидандир. Ушбу қўлланмалар сайлов жараёнининг у ёки бу жиҳатларини кузатиш бўйича услубий тавсиялардан иборат бўлиб, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси халқаро кузатувчилари томонидан бажарилиши мақсадга мувофиқ.

Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси халқаро кузатувчилари фаолияти давомида 57 та иштирокчи-давлатда 300 дан ортиқ сайловларнинг кузатувида қатнашган.

— Сайлов ҳуқуқи соҳасида халқаро кузатув бўйича яна қандай стандартлар амал қилади?

— Маълумки, халқаро кузатув институтини ривожлантиришда Копенгаген ҳужжати ўзига хос ўрин тутади. Америка, Африка ва Осиёда кўплаб халқаро ташкилотлар ўзларининг сайлов стандартларини қабул қилган. Масалан, ҳозирги кунда Шанхай ҳамкорлик ташкилотидан кузатувчилар миссияси фаолияти 2006 йили 15 майда ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари қарори билан тасдиқланган Президент ва/ёки парламент сайловларида, шунингдек, референдумларда ШҲТдан кузатувчилар миссияси тўғрисидаги низомга мувофиқ ташкил этилмоқда. МДҲ кузатувчилар миссияси эса ўз фаолиятини МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг 2002 йил 7 октябрда қабул қилинган МДҲга аъзо-давлатларда Демократик сайлов, сайлов ҳуқуқлари ва эркинликлари стандартлари тўғрисидаги конвенция ҳамда МДҲ таш­қи ишлар вазирлари кенгашининг 2004 йил 26 мартдаги қарори билан тасдиқланган Ҳамдўстликка аъзо-давлатларда Президент ва парламент сайловлари, шунингдек, референдумларда МДҲдан кузатувчилар миссияси тўғрисидаги низом асосида олиб боради.

— Мазкур стандартлар иштирокчи-давлатлар учун қанчалик мажбурий ҳисобланади?

— Шубҳасиз, ҳар бир мамлакат сайлов тизимини мустақил танлайди. Айни пайтда халқаро стандартларга риоя этилиши сайловларнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишида муҳим аҳамият касб этади. Улар, аввало, халқаро кузатув институтини қонун билан мустаҳкамлаб қўйишни, бутун сайлов жараёнини кузатув билан қамраб олишни, сайловни кузатиш бўйича ҳуқуқ ва ваколатларни аниқ белгилашни талаб қилади. Турли мамлакатлар қонунчилигида ушбу талаблар ҳар хил акс эттирилган. Қаердадир халқаро кузатув қонун билан мустаҳкамланган, аммо кузатувчиларнинг ваколатлари сезиларли даражада чекланган, қаердадир эса бу талаблар тўла бажарилмайди.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси томонидан сайловларни кузатиш бўйича ҳисоботлар таҳлили натижалари асосида тайёрланган ЕХҲТ иштирокчи-давлатларининг сайлов қонунчилиги ва амалиёти юзасидан сўнгги шарҳда шуни кўришимиз мумкинки, ҳали-ҳануз кўплаб мамлакатларда халқаро кузатувлар соҳасидаги умумқабул қилинган стандартлар бажарилмаяпти. Мисол учун, Андорра, Кипр, Дания, Эстония, Франция, Греция, Венгрия, Ирландия, Литва, Монако, Сан-Марино, Сербия, Словения, Испания, Швеция, Швейцария, Туркия ва АҚШ (федерал даражада) сингари мамлакатларда халқаро кузатувнинг ҳуқуқий асослари йўқ, аксарият ҳолларда сиёсий партиялардан маҳаллий кузатувчилар иштирок этиши имконияти бундан мустасно. Қисман халқаро кузатувчилар иштироки масаласи муайян органларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан тартибга солинган бўлса-да, улар тегишли қонун қоидалари билан кафолатланмаган. ЕХҲТ айрим иштирокчи-давлатларида асосан сайлов куни кузатувга қаршилик қилишга оид мисоллар мавжуд.

Аммо шуни айтиш керакки, кузатувчилар миссияларининг ЕХҲТ маконида сайлов жараёнларини кузатиш якунлари бўйича киритган тавсиялари асосида ­халқаро сайлов стандартлари ЕХҲТ иштирокчи-давлатлари томонидан сайлов қонунчилигига изчил имплементация қилинмоқда. Бугунги кунда ушбу стандарт­ларни бир қатор мамлакатлар амалиётга борган сари кўпроқ татбиқ этаяпти.

— Мазкур соҳадаги стандартлар бизнинг сайлов қонунчилигимизда ўз ифодасини топганми?

— Мамлакатимиз уларни тўлиқ қонунчиликка имплементация қилган. Энг аввало, 1997 йилдаёқ миллий қонунчиликда халқаро кузатув институти мустаҳ­камлаб қўйилган. 1999 йилда эса Ўзбекистонда сайловни кузатишда халқаро ҳамда хорижлик, шу жумладан, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси кузатувчилари иштирок этди. Жорий йилда ташкилот эксперт­лари Ўзбекистонда халқаро кузатувчилар сифатида еттинчи марта фаолият олиб бормоқда.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, сайлов қонунчилигимизда кузатувчилар бутун сайлов кампанияси давомида, яъни сайлов тайинланишидан овоз бериш натижалари эълон қилингунгача бўлган давр­да иштирок этиши имконияти кўзда тутилган, кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва ­ваколатлари аниқ белгиланган.

Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонун билан халқаро кузатувчилар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, округ ҳамда участка сайлов комиссияларининг мажлисларида, сайлов участкасида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш ҳуқуқига эга. Улар, шунингдек, овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баённомасини тузишда ҳозир бўлишга, сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўрашга ва уларни олишга, агар сайлов участ­касида қонунбузилишига йўл қўйилган, деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори комиссияга маълум қилишга ҳақли. Бунда овоз беришнинг яширин ўтказилиши, сайлов комиссияларининг мустақиллиги сингари асосий тамойиллардан келиб чиққан ҳолда, кузатувчига сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайт­да овоз бериш кабинасида бўлиш, сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиётини тарқатиш, сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш, участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутиларини муҳрлашда, уларни очишда, овозларни санаб чиқишда аралашиш ман этилади.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда авваллари ҳеч кўрилмаган даражада кўп сонли — ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ШҲТ, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ Ижроқўмидан кузатувчилар, 40 дан ортиқ мамлакатлардан экспертлар иштирок этади. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тўлақонли кузатувчилар миссия­сини юборган. Улар ҳозирги вақтда республикамизнинг барча ҳудудида сайлов жараёнини фаол ўрганиб чиқишмоқда. Бу ҳам халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекис­тондаги демократик ўзгаришларга қизиқиши ўсаётганидан, мамлакатимизнинг очиқлиги, унинг жаҳон ҳамжамияти ­билан уйғун ривожланишга интилишидан далолатдир.

Шу ўринда ҳуқуқ соҳасидаги эксперт­ларимиз ҳам халқаро ташкилотлар миссиялари таркибида сайловларни ва референдумларни кузатишда фаол иштирок этиб келаётганини таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Бундай амалиёт, шубҳасиз, барча учун наф келтириб, дунёда демократик сайлов амалиётининг изчил ривожланишига, демакки, инсоннинг ­сиёсий, фуқаролик, шахсий, ижтимоий, иқтисодий, гуманитар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Қобил ХИДИРОВ суҳбатлашди.

 

кузатувчилар ФИКРИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ШҲТ, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ Ижроқўми миссиялари, Осиё, Европа, Африка ва Америка қитъасининг қирқдан ортиқ мамлакатларидан хорижлик экспертлар иштирок этади. Бугунги кунда уларнинг аксарияти сайлов жараёнини бевосита мамлакатимиз ҳудудларида,
чет давлатлардаги ваколатхоналаримизда тузилган сайлов участкаларида кузатиб боришмоқда.

Хенрик ВЕСТЕРБИ,

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси аъзоси:

— Ўзбекистон сайлов қонунчилиги билан танишдим. Ҳозирги вақтда сайлов комиссиялари, давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг Президент сайловига тайёргарлик кўришга оид фаолиятини ўрганаяпмиз, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан сайлов жараёнини ёритиш бўйича ишлари юзасидан суҳбатлашмоқдамиз. Шуни алоҳида қайд этишни истардимки, биз сайлов кампаниясини кузатиш асносида нафақат сиёсий тадбирнинг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро сайлов стандартларига мувофиқлигини баҳолаймиз, айни пайтда ўзимиз ҳам тажриба тўплаяпмиз.

 

Йоэль РАЗВОЗОВ,

Исроил Кнессети депутати:

— Сайловларни эркин ва ҳалол ўтказиш фуқаролик жамиятининг мамлакат сиёсий тизимига ишончини мус­таҳкамлаш воситаси бўлиб хизмат қилади. Республикада номзодларни кўрсатиш ҳамда рўйхатга олиш Конституция доирасида Марказий сайлов комиссиясининг Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ ўтказилди. Давлат бошлиғи лавозимига номзодларга ўз дастурини оммавий ахборот воситаларида, сайловчилар билан учрашувларда илгари суриш учун тенг имкониятлар яратиб берилган. Уларнинг сайлов штаблари аҳоли ўртасида фаол сайловолди ташвиқотини олиб бормоқда. Сайловчилар сайлов кампаниясининг барча тадбиридан хабардор эканлиги, улар ўз конституциявий ҳуқуқларини чуқур билишини алоҳида айтиб ўтишни истардим.

 

Хилел НЬЮМАН,

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги стратегик ­тадқиқотлар департаменти сектор бошлиғи:

— Ҳозирги кунда халқаро ҳамжамиятнинг эътибори Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясига қаратилган. Бу бежиз эмас. Чунки Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳоли сони кўплиги бўйича энг йирик мамлакат сифатида минтақа ижтимоий-сиёсий ҳамда иқтисодий ривожланиши ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Айнан шу омиллар сабаб ҳам дунё жамоатчилиги томонидан Ўзбекистондаги сайловларга алоҳида қизиқиш билан қаралмоқда. Сайловолди кампаниясида барча сиёсий партиялар иштирок этаяпти. Бу эса сиёсий рақобат мавжудлиги ҳақида сўз юритиш учун асос бўлади. Сайлов қонунчилиги эркинлаштирилгани, партияларга ҳокимият учун кураш ҳуқуқи берилгани, фуқаролик жамияти инс­титутларининг сайлов жараёнига фаол жалб қилингани, кўп сонли халқаро кузатувчилар аккредитациядан ўтказилгани ҳам Ўзбекистоннинг демократия ва очиқликни таъминлаш борасида дадил бораётганидан ­далолатдир.

 

Рафаэль БУЭНО,

“Casa Asia” сиёсий, ижтимоий ва таълим дастурлари институти директори (Испания):

— Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида мамлакатингиз тарихан қисқа даврда улкан марраларни қўлга киритишга муваффақ бўлди. Бу борада юртингиздаги барқарорлик, тинчлик, жадал ривожланаётган иқтисодиётингизни алоҳида кўрсатиб ўтган бўлардим. Ўтган даврда демократиянинг асосий кўринишларини, яъни эркин сайловлар институти, шаффоф сайлов тизими, кўппартия­вийлик ва миллий парламентни мустаҳкамлаш учун муҳим ҳуқуқий асослар яратилди. Шу йилнинг 4 декабрь куни бўладиган Президент сайлови ҳам Ўзбекис­тоннинг истиқболдаги ривожланишида янги босқични бошлаб бериши билан аҳамиятлидир. Ўзбекистон ­халқи демократик тамойилларга мувофиқ ҳолда равнақ ­топаётган ўз давлатининг барқарор ва жадал тараққиёти учун овоз беради.

 

Мария Людовика

БОТТАРЕЛЛИ ТРАКУИЛЛИ-ЛЕАЛЕ,

“Европа аёллари лоббиси” ташкилотининг Италия бўлинмаси бош котиби:

— Ўзбекистонда аввалги сайловларда кузатувчи сифатида қатнашиб, Биринчи Президент Ислом Каримов бошчилигида замонавий демократик институтларнинг ҳуқуқий механизмларини шакллантириш борасида олиб борилган чора-тадбирлар, саъй-ҳаракатлар билан танишиш имконига эга бўлганман. Ўзбекистон фуқаролари сайлов қонунчилиги доирасида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан танишиб бориши учун барча зарур чоралар кўрилган.

Европа фуқаролик жамияти ташкилотлари вакили, қолаверса, хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш йўлида иш олиб бораётган киши сифатида шуни айтишим керакки, ўзбек аёлларининг сайлов комиссиялари ишида фаол қатнашишидан ҳар доим ҳайратланаман. Бундан ташқари, сайлов участкаларида ёш болали оналарга, умуман, ўз сайлов ҳуқуқини амалга ошириш учун келганларга биринчи тиббий хизмат кўрсатиш ­имконияти яратилган. Сайловда иштирок этаётган ­халқаро кузатувчилар орасида фуқаролик жамияти ­институтлари вакилларининг кўплиги ҳам мамлакатингизда замонавий демократик давлатни барпо қилишга нечоғли катта аҳамият берилаётганидан далолатдир.

 

Жо ДАНИЭЛ,

“Cloud-Fi Inc.” компаниясининг

бош ижрочи директори (Канада):

— Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш Канада парламенти қуйи палатасининг собиқ аъзоси сифатида мен учун катта шараф. Авваламбор, Биринчи ­Президент Ислом Каримовнинг беқиёс хизматларини алоҳида қайд этишни истардим. У Буюк Йўлбошчи ­сифатида ўзидан саноат, таълим, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа соҳалар жадал ривожланаётган барқарор давлатни қолдирди. Бу омиллар мамлакатни янгилаш ҳамда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш борасида бошланган ўзгаришларни давом эттириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

Ўйлайманки, Ўзбекистон салоҳияти мамлакатдаги сиёсий плюрализмга асосланади ва бу аҳолининг турли қатламларига давлат ҳамда жамият ҳаётининг долзарб масалаларини ҳал қилишда иштирок этишига кенг имконият яратади. Демократик сайловларни ўтказишда халқаро кузатувчилар муҳим роль ўйнайди. Шу сабабли Ўзбекистоннинг Президент сайловини умумэътироф этилган халқаро андозаларга мувофиқ ҳолда ўтказишга тайёрлиги юксак эътирофга лойиқ. Мамлакатдаги сайлов жараёнини бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари билан бир қаторда, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси тўлақонли миссияси кузатиб бораётгани ҳам қувонарлидир. Бу муҳим қарор бўлиб, пировардида сайлов жараёнининг холислигини таъминлайди, унга кенг жамоатчиликнинг ишончини мустаҳкамлайди.

«Жаҳон» АА материаллари асосида тайёрланди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!