Бир йилда икки марта уйланиш?! Турмуш ўйин эмас, эркаклар!

14:51, 17 ноябрь

Таҳририятга анъанавий савол билан мурожаат бўлди: «Қонуний никоҳимиз йўқ, 4 ой яшаб ҳомиладор пайтимда ажрашганман. Ҳозир 1 ёш ўғлим бор. Менинг алимент борасида бирор ҳуқуқим борми?»

Мурожаат эгасининг ҳуқуқий саволига жавоб бердик-да, масаланинг қўшимча тафсилотларини таҳлил қилишга киришдик. Зеро, воқеа қаҳрамонларининг хатоларини бошқалар такрорлашмасин. 25 ёшли қиз 2015 йилнинг бошида турмушга чиққан. Қайнопаси билан қўшни бўлиб яшашган, у эса янги оила ҳаётига аралашаверган. Қайнота-қайнона билан кичик муддатда тил топиша олмаган келинчак жанжалнинг қаҳрамони бўлиб қолаверган. Бир куни эри уйида йўқлигида келин ва оила аъзолари ўртасида низо келиб чиққан. Келиннинг отаси келган, бўлган-бўлмаган гаплар билан куёвнинг устига мағзава ағдаришган. Ўғил ишдан қайтгач, қайнота-қайнона «Ё хотинингни дейсан, ё бизни», деб шарт қўйишган. Эри эса бошини қуйи солганча фақат ота-онаси томон бўлган, улардан узр сўраган, хотинининг ёнини олмаган... Келин «Қадримни бир пул қилди», деб аразлаб уйига кетган ва эрсиз қолган. Чунки йил бошида уйланган йигит, йил охирида ҳам ўзини бошини очиқ ҳисоблаб, тўй қилган. Бу сафар эса никоҳ расмийлаштирилган. Бу орада биринчи хотини ўғил туққан, йигит ота-онасидан яширинча фарзандини бир-икки кўриб кетган. Аммо ҳалигача иккинчи хотини хомиладор бўлолмаяпти. Собиқ эр «Сен билан ярашаман, буниси билан ажрашаман», деб биринчисини умидвор қилиб туради. Келин «Гапингизга ишонмайман», деб урушиб берса, яна йўқолиб кетади. Келиннинг нияти ярашиш эмас, у ҳуқуқларини тикламоқчи...

Жудаям кўп учрайдиган ҳолат, шундай эмасми? Воқеани эзғилаб ҳикоя қилиб, беҳиссиёт ёзганимиз сабаби шу каби анъанавий ажримларда ҳамманинг айби очиқ кўринсин, деган мақсадимиз бор. Албатта, бу гаплар келин томоннинг қараши, эр томонда эса яна бу вазиятга 99 хил фикр, мингта баҳона бўлиши турган гап. 4 ой ичида турмуш ўртоғидан катта садоқат талаб қилиб, бироз шошилган, сабр қилмаган келинчак аслида кўп нарсани бой берганини ич-ичидан тан олишига ҳеч шубҳамиз йўқ. Бироқ, келинларни муҳокама қилмоқчи эмасмиз. Шундоқ ҳам «Аёлларга сабр қилинг, ўзингизнинг айбингиз кўп», деган мазмунда ёзган мақолаларимизни ҳар сондан топиш мумкин. Бу сафар “оиланинг боши” деган номи бор-у, бироқ бу ваколатини ҳадеб уйланавериш, оилани ва унинг ортидан муаммоларни кўпайтираверишга сарфлайдиган ЭРлар ҳақида гаплашамиз.

ҲУРМАТЛИ ЭРКАК, уйланаётганда инсон фақат моддий эмас, маънавий жиҳатдан ҳам етук бўлиши керак, бу зерикарли гап эмас, маънавий етук инсон деганда, энг яхши фазилатларга эга бўлиш билан бирга,  ҳаётни, дунёни, одамларни ўрганишдан тўхтамайдиган, мустақил фикр ва иродали, иймони бутун, очиқ фикрли, яхши гумонли инсон назарда тутилади. Сизга бир савол, сиз ўзингиз жуфти ҳалол деб танлаётган инсонингизни қанчалик яхши биласиз? Тўғри, бу қалтис савол, чунки одам бирга яшаб кўрмагунча кимнинг кимлигини билиши қийин. Унда осонроқ савол: ҳар ҳолда онангиз ёки опангизнинг қандай инсон эканлигини, уларнинг кўнглига йўл топиш учун нималар қилиш кераклигини бошқалардан яхшироқ биларсиз? Нега ўша билганларингизни сизга умрини бағишлаш учун уйингизга келган аёлга секингина шипшитиб қўймайсиз? Нега оилангиз аёллари сизни “шантаж” қилишларига, сиздан фойдаланиб, ўзларига қулай, бироқ сизга ноқулай вазиятларни яратишларига йўл қўясиз? Сизни бахтли қилмоқчи бўлган одамлар кимлар: аёлингиз, ота-онангиз, опа-сингилларингиз, қисқача айтганда, улар душманингиз эмас. Унда нега уларга ҳақиқий ҳис-туйғуларингизни очиқ айтмайсиз? «Мен сизни яхши кўраман, уни ҳам яхши кўраман, агар иккингиз ҳам мени яхши кўрсангизлар, ўзаро келишинглар», деёлмайсиз, нега? Биласизми, энди сизнинг касрингизга, аниқроғи, беқарорлик, иккиланишлар ва иродасизлигингиз эвазига бир уй аёл ўзини бахти бекам ҳисоблаб яшайди. Яна етмаганига хато устига хато қилгансиз! Ҳатто тикувчи битта кўйлак тикаётганда етти ўлчаб, етти кесади, сиз эса ўйлаб ҳам ўтирмагансиз: бир йилда икки марта уйланиш! Қойил-эй! Сизнинг мустақил қарор қабул қила олмай лаллайганингиз эвазига бугун уч аёлнинг бошида уч хил хаёл.

1. СОБИҚ АЁЛИНГИЗ. Энди унинг турмушга чиққиб, ажрашган деган номи бор. Бунинг устига, отасиз фарзанд ўстираяпти, никоҳингиз расмий бўлмаса-да, уларнинг олдида ҳамиша моддий ва маънавий қарзингиз бор. Унга алам қилади, эр бермоқ — жон бермоқ. Лекин у кўп марта алданган, чунки боласининг отаси беқарор. Ҳар ҳолда аёл мураккаб ўйин қилмоқчи эмас, у ўзига ҳар қанча қийин бўлмасин, ҳамма ўз йўлидан кетишининг тарафдори.

2. ОНАНГИЗ. У сизни бахтли қилмоқчи эди. Лекин жаҳл чиққанда, ақли кетади, деган нақл у кишига ҳам ёт эмас. Унинг фикрини ўзгартиришингиз, аёлларни келиштиришингиз мумкин эди, ҳеч бўлмаганда қатъиятингиз, қошингизни уюб қўйишингиз билан аёлларнинг овозини пасайтира олардингиз, сиз эриндингиз, лақмалик қилдингиз. Онангиз сизни тушкун ҳолатдан чиқариш учунми, ёки аввалги қудаларига зарба бериш мақсадидами, шартта уйлантирди. Энди эса дарди ичида. Ўғли ҳардамхаёл, ҳомиладор келинини ҳайдаб солди, бу келини эса туғмаяпти, боласининг боласини кўролмай армонда. Хато қилдиммикан, деган қалб оғриғи ҳам бўлса ажабмас.

3. ЯНГИ ХОТИНИНГИЗ. Кўпинча ажрашган йигитга турмушга чиқаётган қиз ўзидаги бирор муаммо (ёши катталашиб бораётгани, соғлиги, оилавий муаммолари, моддий ҳолати) эвазига тўйга розилик беради. Сизнинг ҳолатингизда қандай билмадик-у, лекин иккинчи турмушнинг масъулияти ва муаммолари ўзига хос эканлиги аниқ. Иккинчи доимо эрининг биринчисига кетиб қолишидан хавотирда яшайди. Айниқса, биринчининг фарзанди бўлса, у доим гўё столнинг ярмида ўтирган одам каби тушиб кетадигандек, суянчиқ — эрни  маҳкам ушлашга уринади. Жанжал ва низолар, солиштириш ва таққослашлар мана шундан келиб чиқади.

 

 

УЧ ЎРТАДА ЯНА ЎЗИНГИЗГА ҚИЙИН. Худо кўрсатмасин-у, бу жуфтингиз билан  ҳечам фарзандли бўлолмасангиз, яна хотин алмаштирасизми? Аслида, эса ҳамма вазиятга ўртача ечим топиш мумкин.

Қани энди, ҳамма ҳам иккинчи турмушдан бахтини топиб кетсайди... Бас шундай экан, ҳурматли эркаклар, кимларнингдир тазйиқи остида ажрашишдан аввал ўзингиз нимани исташингизни аниқлаб олинг, вазиятга ҳушёр ва очиқ кўз билан қарашни ўрганинг. Қачонгача боши очилмаган аёллару тўлақонли отаси йўқ болалар бир эркакнинг йўлига қараб ўтираверади? Эркакнинг доимо ўз мустақил қарори ва ҳаммага мақбул келадиган фикри бўлиши керак. Оила ўйинчоқ эмас, эркак ҳам ўйинчоқ ўйнайдиган ёш бола эмас, хотинни ҳадеб қўйгунча, ақлни вақтида йиғиб олган маъқул!

Азиза ҚУРБОНОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!