Ҳинд океанида сирли мавжудот видеога олинди

11:26, 18 ноябрь

Индонезиянинг Бали оролида дам олган ғаввос орол қирғоғида ғалати ва сирли мавжудотни учратди, деб хабар берди “Nonbox.ru” нашри.  

Тушунарсиз, яшил мавжудотнинг ўн учта оёғи ва шаффоф боши ғаввосни ўйга толдирди. Сирли жонзотнинг боши ҳаво шарига ўхшар, у бошини шишириб, уч мартагача унинг ҳажмини ўзгартира оларди. Ғаввоснинг ёнида сув остини суратга олишга мўлжалланган камераси бўлганлиги учун сирли мавжудотни видеога олди ва ижтимоий тармоқларга жойлаштирди. Бу видео бир неча лаҳзаларда кўпчилик сайтларда намойиш қилинди. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг баъзилари уни фанга номаълум жонзот, деб ҳисоблаган бўлса, бошқалар уни табиатнинг хатоси бўлган мутант, деб изоҳ беришди. Учинчи тоифадаги фойдаланувчилар уни “ўзга сайёралик” мавжудот, деб аташди. 

Видеоролик билан танишган денгиз биологлари бу мавжудот Tethydidae лар оиласига мансуб, яланғоч жабрали мелибе моллюскаси эканлигини маълум қилди. Уни “чангюткич молюска” деган ном билан ҳам аташади. Бундай турдаги молюска айнан ғаввос дам олаётган жойдаги денгиз қирғоқларида учрайди. У йиртқич молюска бўлиб, ғалати калласи, катта оғзи орқали чангюткич каби денгиз қаъридаги медузаларни, қисқичбақаларни сўриб, озиқланади. Бу молюска инсонга зарар етказмайди. У жуда камёб бўлгани туфайли тажрибали ғаввосни ҳам ҳайратга солган. 

Олимлар эса, бу дунёда ҳеч қандай мўъжиза шунчаки юз бермаслигини, ҳамма нарсанинг далил-исботи борлигини тушунтиришга, агар далил-исбот бўлмаса, албатта уни топишга ҳаракат қилишларини билдирди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!