Кимлар сайлов муддатидан олдин овоз беради?

12:02, 18 ноябрь

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 3-Бухоро сайлов округида ўтказилган навбатдаги мажлисда сайловга тайёргарлик кўриш, жумладан, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Вилоятда участка сайлов комиссиялари томонидан 1 миллион 265 мингдан зиёд сайловчи рўйхатга олинган. Айрим фуқаролар турли сабаблар (хизмат сафари, хорижга чиқиши, олис шаҳарда даволанишда бўлиши ва ҳоказо)га кўра, сайловда қатнаша олмаслиги мумкин. Бу ҳолат ҳам қонунчилигимизда ҳисобга олинган. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 31-моддасига мувофиқ, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Бу тартиб сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганда тўхтатилади. 

– Муддатидан олдин овоз беришни ташкил этишда округ сайлов комиссияси зиммасига алоҳида масъулият юкланган, – дейди 3-Бухоро округ сайлов комиссияси раиси ўринбосари Қ.Турсунов. – Биз сайлов вақтини белгилаб, сайловчилардан ташқари, айни пайтда сиёсий партиялар кузатувчилари ҳамда оммавий ахборот воситаларини бу ҳақда хабардор қиламиз. Демократик сайловнинг ошкоралик принципи ҳам шуни талаб этади. Муддатидан олдин овоз бериш 24 ноябрь куни бошланиб, 2 декабрда якунланади. Округ сайлов комиссияси қарорига кўра, фуқаролар ушбу кунларда соат 9.00 дан соат 18.00 га қадар участка сайлов комиссияларига мурожаат қилишлари мумкин. 

Мажлисда комиссия ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!