Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилди (Фото)

14:46, 18 ноябрь

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 17 ноябрь куни мамлакатимизга ташриф буюргани ҳақида аввалроқ хабар бергандик. 

18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Туркия раҳбари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилди. У Ислом Каримов қабрига гуллар қўйиб, Ўзбекистон Биринчи Президенти хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Президент қабри олдида ўқилган тиловатдан сўнг Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Шавкат Мирзиёев музокара ўтказиш учун йўл олди.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдоғон Самарқандда Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Шавкат Мирзиёев билан учрашув ўтказди.

Президент қароргоҳида ўтган учрашув 2 соату 40 дақиқа давом этди, деб хабар қилмоқда Анадолу агентлиги. Шундан сўнг раҳбарлар Туркия ва Ўзбекистон делегациялари иштирокидаги расмий тушликда бўлишди. 

Туркия президентига сафар давомида бош вазир ўринбосарлари Вейси Кайнак ва Тургул Туркеш, ҲК Бош штаби раҳбари генерал Хулуси Акар, Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушоглу, Иқтисодиёт вазири Ниҳат Зейбекчи ҳамда энергетика ва табиий ресурслар вазири Берат Албайрак ҳамроҳлик қилмоқда.








Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!