Ютинганда қулоқ оғриғи?!

10:26, 19 ноябрь

— Уч яшар ўғлим овқат чайнаб ютаётганида қулоғини ушлаб, оғриётганини айтди. Шифокорга кўрсатсам, отит деб ташхис қўйди. Бу қандай касаллик? Уни уйда даволаса бўладими?

Назира Абдуллаева, Жиззах вилояти

 

Саволга шифокор-педиатр, тиббиёт фанлари номзоди Дилфуза ТУРДИЕВА жавоб беради.

— Отит — ўрта қулоқнинг яллиғланишидир. Фарзандингизда отит эндигина бошланган бўлса, иссиқ муолажа орқали унинг аҳволини бироз енгиллаштириш мумкин. Буни қуйидагича бажарасиз: эни 1 см., узунлиги 10 см. бўлган бинтни спирт ёки борат кислотасига намлаб, қулоқ тешигига (бироз ичкарироққа) эҳтиёткорлик билан тиқиб қўясиз. Сўнг бинтни квадрат шаклида тўрт қават қилиб, ўртасини овалсимон шаклда қирқиб оласиз (бу тешикдан қулоқ чаноғини ўтказасиз). Тайёрлаган бинтингизни спирт билан намлаб қулоққа кийгизиб қўясиз. Устидан намликни шимиб олмайдиган қоғоз қўйиб (унинг ҳам ўртаси тешилади), унинг устидан пахта қўясиз. Сўнг чит рўмол билан боғлайсиз.

Отитни ўз вақтида даволатмасангиз, яллиғланган жой йиринглаб, бора-бора қулоқ пардаси тешилиши ҳам мумкин. Бу эса эшитиш қобилияти пасайишига олиб келади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!