Аёллар+карьера=? Формуланинг ечими бизда!

11:02, 19 ноябрь

­Хўш, бизнинг карьера поғоналарида юқорилашимизга нималар тўсқинлик қилади: уй-рўзғор ташвишлари, болалар парваришидаги муаммолар, эр-хотин ўртасидаги муносабатлар ва феъл-атворимиз. Агар ижтимоий ва маиший муаммоларимизга ечим топсак, ҳар қандай ишни уддалашимиз тайин. Ушбу психологик тавсиялар эса сизга бу борада асқотишига ишонамиз.

  • Биласизми, қизлар туғилмасиданоқ ҳаракатчан ва курашувчан бўлишади. Ҳеч кузатганмисиз, чақалоқлигида ўғил болаларга қараганда қизалоқлар эрта қадам ташлашади, гапира бошлашади... Демак, биз — курашувчан ва фаолмиз! Фақат баъзида ўзимизга ишонмайсиз, иккиланамиз. Келинг, гумонларни четга суриб, ҳаммасини уддалашимизга ишонайлик ва аввало, буни ўзимиз учун исботлайлик!
  • Соҳа танлаётганда, кўнглингингизга қулоқ тутинг ва имкониятларни тўғри баҳоланг! Биласиз, аёл зоти туйғулар асири бўлади. Эртага «Аслида мен шифокор бўлишим керак эди», деб афсусланиб ўтирманг!
  • Ўқишни тугатдингиз-у, турмушга чиқдингиз. Қайнона хизмати, бола-чақа ташвиши билан ишлашга имконингиз йўқми? Ҳа, деб алдаманг! Шунчаки, ҳафсала қилмаяпсиз. Бугун замонавий техника ривожланган, имкониятлар кенг. Уйда ўтириб, бемалол баъзи нарсаларни ўрганиш, ўзлаштириш мумкин (тил, тадбиркорлик қоидаларини ўргатувчи онлайн курслар масалан)!
  • Вақт ва пулни тақсимлай билинг. Масалан, болаларни боғча-мактабга олиб бориб-олиб келиш учун ёрдамчи ёллаш, эрталаблари кечки таомга тайёргарлик кўриш хотиржам ишлашингизни таъминлайди.
  • Жамоада ҳурматингизни билинг ва бошқаларни ҳам ҳурмат қилинг. Фитна-ғийбатлардан узоқроқ юринг. Уйнинг гапини ишхонага ташиманг. Акс ҳолда раҳбарият «Оиласи тинч эмас. Қайнонаси билан тил топиша олмаган одам бўлим раҳбарлигини эплармиди?» деб хизмат пиллапояларида ўсишингизга имкон бермаслиги мумкин. Ишхонадаги муаммоларни эса оила аъзоларингизга айтманг.
  • Ишдан доим белгиланган вақтдан эртароқ кетишга, ҳар куни кечикиб келишга одатланманг. Ҳамма ишингизни вақтида бажаринг. Тартиб бор жойда ишнинг унуми ҳам юқори бўлади.
  • Тинглаш ва тушунтириш санъатини ўзлаштиринг. Сизга нисбатан ноҳақлик юз берганда ҳис-ҳаяжонга берилманг! Кўз ёш қилманг. Босиқлик билан вазиятни ойдинлаштиринг.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!