Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти сайловчилари билан видеоконференция тарзида йиғилиш ўтказди

11:09, 19 ноябрь

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашди. 

Учрашувни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси Э.Холматов очди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. 

Дастурда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида бошланган демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш, тинчлик-осойишталик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратишга қаратилган асосий йўналишлар белгилаб берилган. Давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳада тажрибадан ўтган бозор механизмлари ва корпоратив бошқарувнинг замонавий принципларини кенг жорий этиш, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга ошириш, қонунлар ижросини таъминлаш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилган. 

Шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси ривожи учун янада қулай шароитлар яратиш, саноатни технологик янгилаш ва таркибий ўзгартириш, ерларнинг унумдорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалигига замонавий агротехнологияларни жорий этиш, маҳаллийлаштириш дастурини кенгайтириш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш, аҳоли ҳаёт даражасини изчил ошириш, барча давлатлар билан ҳамкорликни ва мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш бўйича муҳим йўналишлар ўз ифодасини топган. 

Мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиёти Жиззах вилояти мисолида ҳам намоён бўлмоқда. Шаҳар ва туманларда янги корхоналар, замонавий инфратузилма объектлари барпо этилмоқда. “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси, Жиззах цемент заводи ва бошқа саноат комплексларида ички ва ташқи бозорларда харидоргир, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиши 9,1 фоизни ташкил қилиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 18,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти 6,2 фоизга, қурилиш ишлари 12,5 фоизга ошди. Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш чора-тадбирлари самарасида 1 минг 90 та янги кичик бизнес субъекти ташкил этилиб, улар 9 минг 195 тага етди. 

Жиззах шаҳрида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, қишлоқларда барпо этилаётган замонавий уйлар ва ижтимоий объектлар вилоят қиёфасини бутунлай ўзгартирмоқда. 

Видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишда вилоятнинг барча шаҳар ва туман марказларидаги сайловчилар билан очиқ ва самимий мулоқот бўлди. 

Учрашувда "Жиззах овози" газетаси бош муҳаррири А.Иномов, Зомин туманидаги 60-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Л.Пак, меҳнат фахрийси А.Турдиқулов, Фориш туманидаги "FOR-TEX" хусусий корхонаси раҳбари Б.Тўраева, Мирзачўл тумани тиббиёт бирлашмаси шифокори М.Умаров ва бошқалар мустақиллик йилларида Жиззах вилояти саноатлашган ҳудудга айлангани, амалга оширилаётган улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтириб, дунёқарашини ўзгартираётганини фахр билан таъкидлади. Дастурда илгари сурилган улуғвор вазифалар мамлакатимиз тараққиётида муҳим асос бўлишини қайд этди. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!