Округ сайлов комиссиясининг ваколатларига кирувчи масалалар муҳокама этилди

11:53, 19 ноябрь

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14-Тошкент шаҳар округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Комиссия раиси А.Юнусхўжаев бошқарган тадбирда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг узоқ муддатли кузатувчилари, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Йиғилишда округ сайлов комиссиясининг ваколатларига кирувчи масалалар муҳокама этилди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонуннинг 16- ва 31-моддаларига мувофиқ, округ сайлов комиссияси томонидан муддатидан олдин овоз бериш вақтини белгилаш масаласи кўриб чиқилди ва бу тўғрисида қарор қабул қилинди. Унга кўра, округ ҳудудида муддатидан олдин овоз бериш сайловга 10 кун қолганда бошланиб, сайловга бир кун қолганда тугалланиши ҳамда сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш вақти соат 9.00 дан 18.00 гача этиб белгиланди. Мазкур қарор сайлов жараёнида фуқароларга енгиллик яратиш, очиқлик ва ошкоралик принципига биноан ҳар бир фуқаронинг сайловда бевосита иштирокини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатган партиялар кузатувчиларини рўйхатга олиш, Яшнобод ва Яккасарой туманларида сайлов участкаларининг сайловга тайёргарлик ҳолати, участка сайлов комиссиялари фаолияти учун яратилган зарур шароитлар юзасидан ахборот тингланди. 

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунга кўра, округ сайлов комиссияси томонидан Тошкент шаҳрида 713 сайлов участкаси тузилган, участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланган ва комиссиялар ўз фаолиятини амалга оширмоқда. Сайловга тайёргарлик жараёнининг барча босқичларида қонунийлик, ошкоралик ва бағрикенглик принципларига қатъий риоя этилмоқда. Хусусан, кўзи ожизлар учун брайль шрифтли сайлов бюллетенларининг яратилиши айни муддао бўлди. 

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси узоқ муддатли кузатувчилари Роберт Иверсон Полин ва Игор Чамов сайлов кампанияси жараёнларини кузатиш учун яратилган шароит ва имкониятларни юқори баҳолади. Халқаро кузатувчилар округ сайлов комиссиясининг самарали фаолият олиб бориши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!