Воҳид Абдулҳакимнинг илк яккахон концерт дастури олқишлар билан кутиб олинди

00:15, 20 ноябрь

19 ноябрь куни пойтахтимизнинг “Туркистон” саройида хонанда Воҳид Абдулҳакимнинг “Омад қуши” дея номланган илк яккахон концерт дастури бўлиб ўтди.

Хонанда дастур давомида концертни кўпроқ ижодий кеча деб аташ тўғрироқ бўлишини маълум қилди. Хонанданинг илк концерти аншлаг тарзда ўтди десак муболаға бўлмайди. Концертда 7 дан 70 ёшгача бўлган мухлисларни кўриш мумкин эди. 

Концерт дастурининг режиссёри ҳамда бошловчиси сифатида Comedy.uz раҳбари Аброр Бахтиёрович иштирок этди. Бахтиёрович билан биргаликда концертга Comedy.uz резиденти Олим ака ҳам бошловчилик қилди.

Воҳид Абдулҳакимнинг ўзи ҳам концерт дастури бошловчилигини ажойиб тарзда уддалади. У ҳар бир таронаси олдидан унинг тарихига тўхталиб ўтди. 

Таъкидлаш жоизки, унинг фарзандига ҳаром луқма едириб, оҳирида бундан панд еган оталарга аталган, шунингдек фарзанд доғида куйган онаизор ноласини куйлаган тароналарини мухлислар кўзда ёш билан кутиб олишди.

3 та блокдан иборат бўлган концерт дастурида хонанданинг 21 та қўшиғи янгради, шулардан 10 таси янги тароналар.


Бундан ташқари хонанданинг Бахтиёрович билан ижро этган ҳазиломуз жонли ижродаги дуэти томошабинлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди.


Хонанданинг саҳнада ўзини маданият билан тутишидан концерт беришда катта тажрибага эга санъаткорлар ҳам ўрнак олса арзийди.


Концертда “Тумор” рақс ансамбли раққосалари ҳамда раққоса Шодиёра Омонова ўзига хос рақсларини тақдим этишди. 

Хонанда мухлисларини 20 ноябрь куни ҳам ўзининг яккахон дастури билан ҳушнуд этади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!