Совуқ кунларда тери учун «иссиқ кийим»

09:19, 21 ноябрь

Совуқ ҳавода тери қуёшли кундан кўра кўпроқ шикастланади. Қиш келиши билан лаблар ёрилади, қўл териси қуруқлашиб, ёноқлар қизариб қолади. Буларнинг олдини олиш учун эса бир неча қоидаларга амал қилиш даркор…

Муҳофазага муҳтож «қалқон»

Совуқ ҳаво таъсирида тери қуруқлашиб, ёрила бошлайди. Бу витамин етишмаслиги ва етарлича намлик бўлмагани боис юзага келади. Қиш кунларида иссиқ хонада ўтириш тери учун зарарли. Хона ҳавоси қуруқлашади ва терига ҳам таъсир кўрсатади. «Совуққа чиқиб ўтиринг, ёшарасиз», дейишдан йироқмиз албатта. Аммо иситувчи батареялар ёнига бир идишда сув қўйинг ёки докани намлаб унга илиб қўйинг. Хонани тез-тез шамоллатиб туринг. Бу ҳам тери, ҳам саломатлигингиз учун фойдали.

Юз териси ҳимояси қоидалари

  • Совуқ ҳаво тез фурсатда юзда ўз изларини чиза бошлайди. Бу пайтда таркибида спирт бўлган турли лосьон ва тозаловчи воситаларни четга олиб қўйинг. Чунки улар терини баттар қуруқлаштириб юборади.
  • Қишда терига ёғ етишмаслиги муаммоси ҳам юзага келади. Шунинг учун ретинол ва С витамини бўлган воситалардан фойдаланинг.
  • Терини ҳар куни парваришланг. Унда қуруқлашиш, тортишиш сезсангиз, юзингизга асал суртинг, кўк чой билан ювинг.
  • Шунингдек, икки ош қошиқ зиғир уруғига икки стакан совуқ сув солинг ва бўтқасимон ҳолга келгунга қадар қайнатинг. Сўнг сувини сузиб олиб, совутинг ва юзингизга суртинг. 20 дақиқадан кейин илиқ сув билан ювиб, крем суртинг.
  • Ювиниш воситалари таркибига аҳамиятли бўлинг. Уларнинг сут ёки сметана асосида тайёрланганларини танланг. Ҳафтада икки марта асал ёки зайтун ёғидан ниқоблар қилишга эринманг.
  • Наъматак дамламаси, ёнғоқ, творог, тухум каби маҳсулотларни истеъмол қилинг.

Лаб учун…

Қишда лаб учун мўлжалланган бальзам воситалардан фойдаланишни канда қилманг. Кўчага чиққанда лабингизни яламанг ва намлантирувчи лаб бўёғидан фойдаланманг. Лаб бўёғининг таркибида А ва Е витамини бўлганини ишлатинг ёки 1-2 кун давомида сариёғни юпқа қилиб лабингизга суртиб юринг.

Қўл териси…

Кун давомида қўлингизни ювгач, албатта крем суртинг. Кремга бир-икки томчи А ва Е витамини (дорихоналарда сотилади) қўшсангиз ҳам бўлади. Бундай кремлар теридаги ёриқларни тезроқ тузатади ва парваришлайди, ундаги шамоллашни олади. Дарвоқе, қўлқоп кийиб юришни ҳам унутманг.

Ёдингизда бўлсин!

Тўйиб ухламаслик — гўзалликнинг душмани. Шунинг учун тиниқиб ухлашни одат қилинг. Шунда тўқималарнинг кислород билан таъминланиши яхшиланади ва модда алмашинуви тезлашиб, тери янгиланади. Эрталаб уйқудан турганингизда юзингизни енгил уқаланг.

Иссиқ сув хуш ёқса-да…

Ҳаво совиганда иссиқ сув баданга хуш ёқади. Аммо айнан иссиқ сув қишда терининг ёрилишига олиб келади. Шунинг учун қанчалик истасангиз-да, иссиқ эмас, илиқ сувда чўмилинг. Чўмилиб чиққач, терини баданни қуруқ қилиб эмас, енгил шаппатилаб «артинг». Шундан сўнг унга крем ёки зайтун, зиғир ёғи суртиш лозим. Қиш мавсумида иложи борича ювиниш воситаларидан камроқ фойдаланинг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!