Муносиб номзодлар адолатли сайловларда танланади

09:46, 21 ноябрь

Шу кунларда мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Мустақилликка эришилгач, юртимизда демократик сайловлар тизимини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йиллар давомида бу борада бир қатор муҳим қонунлар қабул қилинди.

Мазкур қонунларда сайлов моҳияти, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов комиссияларининг ҳуқуқ ва ваколатлари, овоз бериш тартиби ҳамда унинг натижаларини аниқлаш, фуқароларнинг сайловлардаги иштироки, сайлов ҳуқуқининг кафолатлари, сайловларни молиялаштириш ва бошқа шу каби ўта муҳим масалаларни ҳуқуқий тартибга солувчи қоидалар белгилаб берилган.

Сайлов тўғрисидаги қонунчилик мунтазам равишда такомиллашиб бораётганлиги фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш миллий амалиётини яхшилаш, сиёсий партияларнинг сайловларда муносиб тарзда иштирок этиши учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришга қаратилган.

Сайловларнинг очиқлик ва ошкоралик, ҳаққонийлик принциплари асосида, шунингдек, адолат мезонларига риоя этилган ҳолда ўтишини таъминлаш ҳар қайси демократик давлат учун принципиал масала ҳисобланади. Таъбир жоиз бўлса, мамлакатнинг келажаги ва равнақи айнан шу жиҳатларга, яъни давлат бошқаруви ва ҳокимиятига муносиб номзодларнинг сайланишига чамбарчас боғлиқ.

 Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисида тўхталиб ўтсак. Сир эмаски, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ўзининг раҳбарлик салоҳияти ва тажрибаси, кенг тафаккури ва дунёқараши билан кейинги издошлари учун маррани баланд қилиб белгилаган эди. Хоҳлаймизми-йўқми, фуқароларимиз сайловда муайян номзодга овоз берар экан, уни, аввало, Биринчи Президентимиз билан солиштиради. Ўз навбатида, таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конститутциясига биноан, президентликка номзодларни кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлган сиёсий партияларга номзодларни кўрсатиш бўйича ниҳоятда маъсулиятли вазифа юклатилган. Тажрибанинг кўрсатишича, одатда президентликка номзод сифатида халқ орасида яхши танилган, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, жамиятда юқори обрў ва эътиборга эга инсонлар кўрсатилади.

Халқаро ҳуқуқ стандартларига асосан, президентликка номзоднинг ҳуқуқлари, агарда давлатнинг қонунларида ушбу нормалар келтирилган бўлса, маълум миқдорда чекланиши мумкин. Мисол учун 1990 йил 29 июндаги Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген Кенгашининг ҳужжати 24-бандида, агарда номзодлар учун чекловлар, давлат қонунчилигида кўзда тутилган бўлса, ҳамда ушбу чекловлар мазкур қонунларнинг мақсад ва вазифаларига хизмат қилса амалга киритилиши мумкинлиги ёзилган. Шунингдек Бирлашган миллатлар ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг 1996 йилги 25-сонли “Умумий тартибдаги кўрсатмалар”и 15-бандида, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро Пакти 25-моддасида ва Бирлашган миллатлар ташкилотининг “Ногиронлар ҳуқуқлари бўйича  Конвенцияси” 29-моддаларида ҳам демократик жамиятлар қонунчилигида маълум мақсадларни кўзловчи чекловларга йўл қўйилиши мумкинлиги кўрсатилган. Айтиш керакки, номзодларга қўйилиши мумкин бўлган чекловларнинг аниқ рўйхати бирор бир ҳалқаро ҳужжатларда келтирилмаган. Шундай бўлсада,  Европа Венеция комиссиясининг (Демократияга ҳуқуқ орқали Европа комиссияси) 2002 йилги Яхши амалиёт Кодексининг I.1 бандида номзодларнинг ёши, фуқаролиги ва яшаш жойи бўйича бир қатор тавсиялар келтирилган.

Жаҳондаги турли мамлакатларининг конститутцион амалиётида президентликка номзодлар учун қуйидаги сайлов чекловлари мавжуд: ёши, фуқаролиги, жинси, давлатда доимий яшаётганлик муддати, маълумоти, саводлилиги бўйича ва бошқалар. Миллий қонунчилигимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентлигига муносиб номзодларни рўйхатга олишда айрим чекловлар кўзда тутилган.

Жумладан, Конституциянинг 90-моддаси ва “Президент сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.

Шунга ўхшаш нормалар деярли барча демократик давлатларнинг қонунчилигида учрайди. Мисол учун, ёш бўйича чеклов АҚШ, Россия, Қирғизистонда бизникидек 35 ёш бўлса, Италия ва Францияда 50 ёшни ташкил этади. Бундай чеклов етарли ҳаётий тажрибаси бор, мамлакат ва дунёда бўлаётган воқеаларга реал баҳо бера оладиган номзодни сайлаш имконини беради. Номзоднинг муайян давлат ҳудудида доимий яшаб келишига доир чеклов ҳам деярли барча мамлакатларда мавжуд. Айтайлик, АҚШда бу муддат 14, Қозоғистонда 15, Россияда эса 10 йилдан кам бўлмаслиги керак. Ўз-ўзидан аёнки, президентликка номзодини қўйган шахс охирги йиллар мобайнида мамлакатда муқим яшамай, унинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётида қатнашмай туриб давлатни бошқара олмайди.

Фуқаролик бўйича чеклов АҚШ, Болгария, Греция, Финляндия, Қозоғистон, Мексика, Монголия ва бошқа давлатлар тажрибасида учрайди. Давлат тилини яхши билиш талаби Россия, Қоғоғистон, Қирғизистон амалиётида мавжуд. Фақат Ўзбекистонда номзоднинг давлат тилини яхши билишига сиёсий партиялар томонидан номзодни кўрсатиш жараёнида, кейинчалик Марказий сайлов комиссияси томонидан номзоднинг республика оммавий ахборот воситаларида чиқишига қараб ва ниҳоят, сайлов олди тарғибот жараёнида бевосита сайловчилар томонидан баҳо берилади. Аммо президентликка номзоднинг ўзбек тилидан бошқа тилларни мукаммал билиши, уларда эркин сўзлаша олишига қонунчилигимизда қатъий талаб қўйилмаган. Лекин у давлат тилини билмаслиги мумкин эмас. Чунки мазкур ҳолат номзоднинг сайловолди учрашувларини ўтказиш (айниқса, қишлоқ жойларда) ҳамда аҳоли билан мулоқот қилишига тўсқинлик қилиб, келгуси иш фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши аниқ.

 “Президент сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 24-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни кўрсатиш ҳуқуқига фақат сиёсий партиялар эга. Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясиз шахсни номзод этиб кўрсатиши мумкин.

Мустақилликнинг илк даврида юртимизда президентликка номзодни кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар билан бир қаторда ҳокимият вакиллик органлари (ташаббускор гуруҳлар) ҳам эга эди. Ўша пайтда бундай ҳолат асосли бўлган. Сабаби сиёсий партияларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига таъсир доираси энди шаклланаётган эди. Боз устига, сиёсий партиялар ўз фаолиятини етарли даражада тарғиб этмас, фуқаролар эса президентликка номзодни кўрсатган сиёсий партияга эмас, балки кўпроқ номзоднинг шахсига эътибор қаратарди.

Кейинчалик мамлакатимизда кўппартиявийлик тизими ривожланиб, жамият ҳаёти ва давлат бошқарувида сиёсий партияларнинг роли ошгани сари юқоридаги норма ўз аҳамиятини йўқотди ва тегишли тартибда бекор қилинди. Ҳозир Ўзбекистонда президентликка номзодларнинг фақат сиёсий партиялар томонидан кўрсатилаётгани уларнинг сайловдаги ролини ошириш баробарида, катта маъсулият ҳам юклайди. Қолаверса, сиёсий партияларнинг имкониятларини кенгайтиради ва партиялараро рақобатни кучайтиради. Бу эса демократик сайловларнинг халқаро мезонлар ҳамда дунёнинг етакчи давлатлари тажрибасига мос ўтишига хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, юртимизда ҳар бир фуқаро ҳатто, партиясиз бўла туриб ҳам сиёсий партиялар орқали Ўзбекистон Республикаси Президентилигига номзод этиб кўрсатилиш ҳуқуқига эга. Бу эса 1990 йил 29 июндаги Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг (ЕХҲТ) инсонийлик мезонлари бўйича конференцияси Копенгаген Кенгашининг ҳужжати 7.5-банди  талаблари бажарилганлигини, яъни фуқароларнинг шахсий сифатларига қараб сиёсий тузилма ёки давлат раҳбарлиги лавозимларига эга бўлиш ҳуқуқи кафолатланганлигини билдиради.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга қўйилган яна бир қанча талаблар “Президент сайлови тўғрисида”ги қонунининг 25-моддасида келтирилади. Жумладан, қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар, ўзларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги муносабати билан қонун томонидан таъқиб этилаётган фуқаролар, диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди. Қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани муносабати билан таъқиб этилаётган фуқаронинг президентликка номзод этиб рўйхатга олинмаслиги жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, криминал шахсларнинг ҳокимият органларида ўрнашиб олишига йўл қўймаслик мақсади билан изоҳланади. Келтирилган норма халқимизга хос менталитетнинг қонуний ифодаси бўлиб, юртимизда азалдан тартиб, қоида, қонунга итоаткорлик эъзозланганидан далолат беради. Шу туфайли қасддан жиноят содир этган шахснинг давлат раҳбарлигигига номзод этиб кўрсатилишини халқимиз сира қабул қилмайди.

Диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас. Бунинг асосий сабаби мамлакатимизда диннинг давлатдан ажралганида бўлиб, ушбу принцип қонунчилигимизда аниқ кўрсатилган.

Албатта, жаҳон амалиёти шуни кўрсотмоқдаки, давлат президентлигига номзодларни рўйхатга олишда қонунчиликда чекловларнинг  татбиқ этилиши, номзодликка муносиб бўлмаган инсонларни сайловларга кириш эҳтимолини олдини олади. Бугунги кунда президент номзодлигига мамлакатимиз сиёсий партиялари томонидан жорий йил 4 декабрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида қатнашиш учун муносиб номзодлар кўрсатилди. Уларнинг барчасига сайловларга тайёргарлик кўриш учун бир хил шароитлар яратилган. Сайлов жараёнида ҳар бир фуқаро конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб давлат раҳбарлигига муносиб, деб ҳисоблаган номзодга ўз овозини беришига шубҳа йўқ. Унутмайликки, олдимизда турган улкан сиёсий воқеада ҳар биримиз ва сиёсий партиялар нечоғлиқ фаол иштирок этганига қараб, дунё ҳамжамияти мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларга баҳо беради.

Фарход Умаров

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

 

 

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!