Дугонажонлар, келинг дардлашайлик...

11:36, 21 ноябрь

Икки аёл ёнма-ён ўтириб қолса борми, бироздан сўнг худди аввалдан танишдек дардалашиб қолишади. Ана шунақа биз аёлларни танишишимиз учун эркаклардаги каби расмий учрашувлар шарт эмас. Гапимиз бир жойдан чиқса бўлгани. Буни устига, аёлларнинг муаммоюдардимиз ҳам бир-биримизникига ўхшаш. Эркаклар ўзларича «Ҳамма аёлни тили бир», деб сал қолса, бизни ғийбатчилар сафига қўшиб қўйишмоқчи бўлишади. Аммо муаммонинг ечимини суҳбатдошингдан топсанг, бунинг нимаси ёмон-а? Эркаклар, аёлларни ҳасратлашишлари асло ғийбат эмас! Кўнгил бўшатиш холос. Лекин, ҳурматли аёллар,  дардлашшимиз ғийбатга айланиб қолмаслиги  учун бир неча ҳолатларни кўриб  чиқсак, зарар қилмайди.

 

Фактларни адаштирманг..

«Кеча бозорда ҳалиги актрисани кўрдим... Экранда бошқача кўринаркан, ҳаётдан умуман бошқача-я...» Агар мазкур жумлани «ғийбат-ку!» деб айтмоқчи бўлсангиз, тўхтанг. Аслида бу ғийбат эмас, шунчаки машҳурлар ҳам биз каби оддий одам. «Уларнинг ҳам ҳаётида бизники каби муаммолар бўлиши мумкин экан» қабилида айтилган фикрдир. Тўғри, агар бу ҳолатни олдига қўшиб-чатиб, бир нималарни айтасангиз, ғийбатдан фарқи қолмайди. Шунинг учун  кимдир ҳақидаги маълумотингизга тўқима гаплар қўшманг.

 

Аниқлик киритинг...

Одатда аёллар суҳбати шунақанги қизиқарли бўладики, «Улар шунча маълумотни қаердан билишаркан-а?» деб ҳайрон қоласиз. Шифокор, педагок ҳатто, бир қарасангиз, руҳшунос бўлиб бепул маслаҳат беришади. Лекин кимгадир маслаҳат беришдан аввал уни ўз тажрибангизда синаб кўрган бўлишингиз керак. Йўқса, дугоналарингиз олдида уялиб қолишингиз мумкин.

 

Саломатлик учун....

Аёллар орасидаги кўплаб муҳокамалар саломатликка бориб тақалади. Айниқса, ёш боласи борлар, ҳомиладор аёллар бу мавзуда соатлаб суҳбатлашишлари мумкин. Агар кимгадир саломатлик борасида йўл-йўриқ кўрсатишни лозим топсангиз, аниқ ташҳис қўйманг. Чунки сизга тўғри келгани бошқасига мос тушмаслиги ҳам мумкин. Яхшиси, дугонангизни тинчлантириб, ҳамаси яхши бўлишига ишонтиринг. Асло нохуш ҳолатлар ҳақида гапирманг.

 

Яхши хабарларни бўлишинг, ёмонларини эса....

Кимдандир  нохуш воқеа тафсилотини эшитган бўлишингиз мумкин (нима учундир салбий гаплар тез тарқалади). Бу гап кайфиятга салбий таъсир этадиган бўлса, яхшиси, уни бошқалар билан бўлишманг. Балким сизнинг асабларингиз бундай хабарларга тоқат қила олар. Аммо кимлардир нохуш воқеалардан шунақанги таъсирланадики, ҳатто, унинг ўй-хаёлидан чиқиб кетолмайди. Яна яхши хабарларни айтиш суҳбатдошингизда сиз ҳақингизда яхши таассурот ҳосил қилади.

 

Жуфтингиз билан сўзлашинг....

Олимларнинг хулосасига кўра, оилада аёл ва эркак  ўзаро фикр алмашиши,  кимнингдир ҳаётини муҳокама қилиши ёки турли вазиятларни биргаликда баҳолашлари муносабатларини мустаҳкамлар экан. Бунда асосийси, бир-бирининг гапини тинглай олиш ва холис ёндашиш. Агар жуфтингиз билан кимдир ҳақида гаплашсангиз,  ҳар бир гапигизга диққат қилинг. Фикрингиз кимнидир ҳаётини танқид қилишдек бўлмасин. Агар фикрингиз ғийбатга аралашиб кетса, эрингиз тасаввурида ҳам бекорчи хотинлардек кўриниш ҳосил қиласиз.  

 

Ён дафтар учун...

Танқид қилманг – кимнидир ҳаётига салбий нигоҳ билан қараб, ўзингизникини ҳам нохуш ҳаёллар билан тўлдиришингиз мумкин.

Гап ташиманг – агар дугонангиз сизга сирини ишониб айтса, уни кимгадир айтиб, фош қилманг. Бу иш қўлингиздан келмаса, дугонангизга бу ҳақда билдиринг ва ғийбатни олдини олинг.

Тинглашни ўрганинг – сиздан яхш суҳбатдош чиқиши учун бошқаларни фикрини ҳам тинглашн билинг. Шунда сиз билан суҳбатлашишга ошиқишади.

Ҳаёлингизни чалғитманг  – нотаниш даврага тушиб қолсангиз, қайсидир ғийбатчининг таъсирига тушиб  қолманг. Бундай аёллар ўзлари учун янги «ўлжа» топишга уста бўлишади.

Холис бўлинг – ҳар қандай ҳолатга ҳам фақат холис баҳо беринг. Ўзингизнинг ёки бошқа бировнинг ҳаёти бир-биридан фарқланади.

Самира УЛУҒБЕКОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!