Қайнонангизнинг кўнгил қулфи учун 7 калит

11:56, 21 ноябрь

Қайнонага ёқиш учун тадбир қилиш айб эмас, билъакс бу жуда зарур. Бошида сунъийроқдек туюлса-да, бора-бора қайнонангизнинг кўнгил қулфларига калит бўлаётган ишларингиз ўзингизга роҳат бағишлайди. Келинг, бу борада сизга опалик, сингиллик, дугоналик қилай... Югур-югур, ош-овқат, кир ювиш, дазмоллашдан ташқари іар кунлик қоидангиз бўлсин. Масалан…

Душанба

Ишлайдиганлар учун оғир кун. Ётар пайти илиқ ванна ҳозирлаб, ичига туз ва гулчалар солинг. Эшикдан қалтирабгина келган қайнонангизга иссиққина чой дамлагунингизча би-и-и-р яйраб чиқишни таклиф қилинг.

Сешанба

Бу кун ирим-сиримларга ишонадиганлар тирноқ, сочларини олдиришади. Қайнонангиз ҳам истисно бўлмаса керак. Шундай бўлмаса ҳам қайчи, аррача солинган кармонингизни олиб, маникюр-педикюр хизмати ташкил қилинг.

Чоршанба

Қайнонангизга охори тўкилмаган кўйлак кийдириб, сочларини тараб, ораста қилиб, бирор дугонасини меҳмонга чақиринг. Оғзига ёқадиган пишириқ билан сийланг.

Пайшанба

Албатта паловхонтўра куни. Бу сафар уни айнан қайнонангизнинг рецепти асосида тайёрланг. Эринмасдан бирма-бир айтиб беришини илтимос қилинг.

Жума

Эрталабдан яхши кайфият билан хайрли кун тиланг. Радио мурватини эски ашулаларга бураб, қайнонангизнинг хонасини яхшилаб шамоллатинг. Дераза ойнаси, полларни ювиб, ётадиган дивани устига янги чойшаб, ёстиқжилд солиб қўйинг.

Шанба

Дам олиш кунлари болалар уйда бўлади. Қайнонангизнинг ўзи ёқтирадиган, ёшлигида ёд олган шеъру маталлари бордир. Кичкинтойларни ҳам, қайнонгизни ҳам хушнуд этишни истасангиз, у кишида бу кун уйингизда маърифат дарси ўтиб беришини илтимос қилинг.

Якшанба

Қайнонангизни оилавий меҳмондорчилик, концерт, театр томошаларига олиб бориб, ўзингиз ҳам бир йўла дам олинг.

Хуллас, кишининг кўнглини оламан десангиз, қанча-қанча тадбирлар ўйлаб топиш мумкин. Асосийси­ — шуни исташда! 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!