Мушук подъездга ташлаб кетилган чақалоқни ўлимдан қутқарди

12:51, 21 ноябрь

Россиянинг Обнинск шаҳрида подъездга ташлаб кетилган чақалоқни олиб кетиш учун келган “Тез ёрдам” машинасининг ортидан Мурка лақабли мушук эргашди, деб хабар берди “Love-psy.ru” нашри.

Калуга вилоятининг Обнинск шаҳрида жойлашган уйлардан бирида Мурка лақабли мушук яшайди, уни уйда яшовчи барча аҳоли яхши кўради. Яқинда у номаълум шахс томондан подъездга ташлаб кетилган чақалоқни иситиб, болани ўлимдан қутқарди.

Кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи, ҳамшира бўлиб ишловчи Надежда Маховикова мушукнинг аянчли миёвлашини эшитиб ҳайрон бўлди. У бирортаси мушукни қийнаяптимикан, деган хаёлда подъездга чиқди. Шунда ахлат ташланадиган қувурнинг ёнида турган қутига кўзи тушди. Қути ичида эса чақалоқ ётарди. Мушук қути атрофида безовта бўлиб айланарди. Аёл шошилиб, болани қўлига олди, подъезд совуқ бўлишига қарамай, мушук чақалоқни танаси билан совуқдан ҳимоя қилгани учун чақалоқ иссиққина, совуқ қотмаган эди.  

Болага тоза, қалин кийим кийдирилган бўлиб, ҳатто идишчада сути ҳам бор эди, бироқ унинг кимлиги, ким ташлаб кетгани ҳақида хат қолдирилмаганди. Полиция ва “Тез ёрдам” машинаси етиб келгунга қадар мушук безовта бўлиб, боланинг юзидан ялашга ҳаракат қилди.

— Менимча у чақалоқни ўз боласи, деб қабул қилган, — дейди Надежда Маховикова.

Врачлар болани “Тез ёрдам” машинасига олиб чиқаётганда, Мурка ҳам машинага чиқишга ҳаракат қилган, аммо уни машинага миндиришмаган. Қўшниларнинг айтишича, у машинанинг қайтишига умид қилиб, анча вақтгача йўлга кўз тикиб, ўтирган. Кейин эса ортига қайтиб, бола ётган қутини узоқ ҳидлаган.

Шаҳар касалхонасига олиб кетилган чақалоқнинг аҳволи қониқарли, полиция унинг ота-онасини қидирмоқда. 

Буни кўриб, ҳайвонлар боласига одамлардан кўра, меҳрибонроқ эканлигига амин бўласан киши...

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!