Ўзбекистонлик боксчилар ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этмоқда

15:07, 21 ноябрь

Бокс бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари Санкт-Петербург шаҳрида давом этаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида муваффақиятли қатнашмоқда, дея маълум қилди ЎзА. 

Дунёнинг олтмишдан зиёд давлатидан уч юздан ортиқ спортчи иштирок этаётган нуфузли мусобақанинг вазни 52 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасидаги беллашувларда Отабек Холматов қирғизистонлик Фатҳиддин Ҳамроев ва венгриялик Истван Сзакани енгиб, навбатдаги босқичга чиқди. 

Вазни 56 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида Шунқор Абдурасулов италиялик Маттео Пиррерани, 60 килограммгача вазн тоифасидаги боксчилар баҳсида Билолбек Мирзараҳимов қозоғистонлик Санатали Толтаевни, вазни 64 килограммгача бўлган боксчилар беллашувида Беҳруз Раҳмонов озарбайжонлик Бахтиёр Газибековни мағлубиятга учратди. 

69 килограммгача вазн тоифасида иқтидорли боксчимиз Улуғбек Собиров япониялик Жен Куроянаги ва жазоирлик Самир Мекаухе устидан ғалаба қозонди. Вазни 75 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида Шоҳрух Рустамов беларуслик Егор Скоморох ва озарбайжонлик Расим Чобанлига ҳеч қандай имконият қолдирмади. 

Ёш спортчимиз Санжар Турсунов 81 килограммгача вазн тоифасида литвалик Виландас Валциукасни, вазни 91 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасида Шоҳрўз Раҳимов хитойлик Ремула Абудорехитуни мағлуб этди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!