Фарғона туманида асаларичилик ишлаб чиқариш ўқув маркази иш бошлади

15:56, 21 ноябрь

Фарғона вилояти Фарғона туманида вилоят асаларичилик ишлаб чиқариш ўқув маркази фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бозорларимизнинг тўкинлигини таъминлаш, аҳолига сифатли, арзон ва сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришга хизмат қилаётир. Хусусан, асаларичиликни янада ривожлантириш, соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда. 

Фарғона вилоятида 1000 дан ортиқ асаларичилик субъекти рўйхатга олинган бўлиб, асалари оилалари сони 65 мингтага етказилди. Тармоқни қўллаб-қувватлаш, ички бозорни арзон, сифатли маҳсулот билан таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор шифобахш, тўйимли табиий неъмат ишлаб чиқаришни кенгайтиришда ютуқлар омили бўлмоқда. 

Вилоят асаларичилар уюшмаси қошида ташкил этилган ишлаб чиқариш ўқув марказида барча шароит яратилган. 

– Марказда илмий-текширув лабораторияси, тренинг заллари, ихтисослаштирилган кутубхона, электрон архив базаси, шунингдек, асални қайта ишлаш ва қадоқлаш цехи, тикувчилик, мум-парда, асбоб-ускуна ва асалари уяси ишлаб чиқариш цехлари фаолият юритмоқда, – дейди вилоят асаларичилар уюшмаси раиси Шерали Суярқулов. – Бундан ташқари, асаларичиликда наслчилик лабораторияси, қарийб 2 гектар экспериментал боғ ва асал берувчи ўсимликларни етиштиришга мўлжалланган экин майдони ташкил этилган. 

Шифокорларнинг таъкидлашича, асал нафақат табиий тўйимли озуқа, балки кўплаб касалликларни даволашда қўлланиладиган ғоят шифобахш неъматдир. Асални меъёрида истеъмол қилиб юриш ошқозон-ичак касалликларининг олдини олади, иммунитетни кучайтиради. Биологик фаол моддаларга жуда бой бу маҳсулот инсоннинг қон босимини меъёрлаштириш хусусиятига ҳам эга. Асалари муми, елими (прополис) ва сути ҳам шифобахш маҳсулот сифатида замонавий тиббиётда кенг қўлланилади. Фармацевтикада дори-дармон сифатида ишлаб чиқарилаётган ари сутида тўрт турдаги В, Е витамини, аминокислоталар мавжуд. 

Замонавий дастгоҳ ва ускуналар билан жиҳозланган янги марказ соҳани янада ривожлантириш, ёш мутахассисларнинг коллежларда олган билимини амалиётда мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!