Ҳамиша турмуш ўртоғингизнинг эътиборида бўлиш сирлари

16:03, 21 ноябрь

Турмуш ўртоғингиз билан илк учрашувга чиққан дамларингизни хотирлайсизми? Қанчалар ҳаяжон, интиқлик, кўтаринкилик ва романтикага бой дамлар эди-я? Нима учун орадан йиллар ўтиб, уларни фақат ширин хотира сифатида ёдга олаяпсиз? Наҳотки романтика ва жўшқинлик рўзғор ташвишлари зарбасига дош бера олмади? Аслида йиллар ўтгач ҳам худди асал ойидаги каби ширин туйғуларни тиклаш ва муносабатларга янгилик олиб кириш мумкин.

 

Турмуш ўртоғим билан бир университетда ўқиганмиз. Нақ тўрт йил ортимдан юриб, кўнглимни олиб, устма-уст совчи жўнатиб уйланган. Очиғи, ўзим ҳам уни қаттиқ севардим. Ҳозир бу туйғу йўқ, деёлмайман. Ҳар ҳолда оила қурганимизга етти йил бўлди, уч фарзанднинг ота-онасимиз. Ўртамизда муштарак нарсалар кўп. Аммо эрим билан муносабатларимиздаги ёрқинлик йўқолиб, ўрнини мажбурият, бурч, одат каби оила учун муҳим, бироқ муҳаббатга алоқаси кам жиҳатлар эгаллаб олгандек. Эрим мени севгани учун эмас, мажбурлигидан ёки иссиқ ўрнини совутгиси келмаганидан яшаётгандек. Масалан, ҳар куни ишхонасидан менга қўнғироқ қилиб, аҳвол сўраши — одатий ҳол. Аммо оилавий ҳаётимизнинг илк даврларида аҳволим, кайфиятим, уни соғинган-соғинмаганим билан қизиқарди. Энди бўлса, нима овқат қилаётганиму костюмини тозалаган-тозаламаганимни сўрайди. Одамга алам қиларкан. Ўзимча «бошқаси топиб олмадимикан», деган хаёлда зимдан суриштирдим ҳам, аммо шубҳаларим тасдиқланмади. Демак, муаммо фақат иккимизнинг ўртамизда. Ношукурлик бўлмасин-у, бу зерикарли ҳаёт иккимизнинг ҳам жонимизга текканини сезаяпмиз. Бироқ ўртамизда қандай қилиб романтикани уйғотишни билмаяпман.

Дилзода, 32 ёш

 

Ёдингиздами?

Биргаликдаги ҳаётнинг илк кунлари, ойлари ва баъзан ҳатто йиллари ҳам романтига бой, қизиқарли ва жўшқин онлар сифатида ёдга олинади. Кўпчилик оилалар асал ойини ҳаётларининг энг бахтли даври сифатида тилга олишади. Кейин эса кундалик ҳаёт бошланади: бир-бирининг табиатига мослашиш, ўзаро чегараларни белгилаш, масъулиятларни тақсимлаш ва рўзғор ташвишларини бартараф этиш каби зарур ишлар… Натижада муносабатлардаги уйғунлик, латифлик, энтикиш ва интиқлик каби илк даврда кузатилган ҳисларни бир четга суриб қўйишга тўғри келади. Жуфтини эҳтирос билан сева туриб ҳам унинг ёнида ҳаловат топа олмаётганлар қанча?! Эндигина туғилиб келаётган муҳаббатининг турмуш аталмиш поезд ғилдираклари остида парчаланишига жимгина томошабин бўлиб турганлар-чи?!

Фарзанд туғилиши эса ҳар бир оила учун улкан қувонч билан бирга каттагина стрессни ҳам олиб келади. Чунки энди эр-хотин болага кўпроқ, бир-бирларига камроқ эътибор қарата бошлайди. Лекин оилавий ҳаёт фақат фарзандларни катта қилиш дегани эмас-ку! Эру хотин нафақат ота-она, балки бир-бири учун севимли инсон, ҳамкор ва дўст ҳам бўлмоғи мақсад эди аввал бошда. Ёдингиздами? Ўзаро мулоқотдан лаззатланишга эришиш мумкин. Руҳшунослар оила борасида ҳамма учун универсал бир усулни тавсия этишади: вақти-вақти билан эр-хотин уйдан ташқарида романтик учрашувга чиқиб туринг. Масалан, ишдан кейин бир жойни тайин қилиб, учрашинг-да, мусиқий фаввора атрофида сайр қилинг…

Романтика қорин тўйдирмайди, аммо…

Романтик учрашувлар ҳаёт фақат ота-оналик вазифаларию рўзғор ташвишларидан иборат эмаслигини эслатиб туради. Сиз қайсидир маънода илк учрашган, бир-бирингизни фақат яхши томондан кўрган ва келажакка катта умидлар боғлаган даврингизга хаёлан қайтасиз. Ҳаммаси қандай гўзал бошланган эди-я! Қарабсизки, бугунги ҳаётингизда ҳам ўша туйғуларга ўрин топилади. Бир-бирингизга қайтадан ошиқ бўлиб қоласиз. Бироқ энди жуфтингизни яхши билган, камчиликларига кўз юммаган, уни қандай бўлса шундайлигича қабул қилган ҳолда сева бошлайсиз. Бу умрбоқий туйғу, уни синовдан ўтган, турмуш ташвишларида тобланган муҳаббат деса бўлади.

Эътибор бериш керак бўлган жиҳатлар

Романтик учрашувлар таклифи кутилмаганда эркаклардан чиқиб қолиши мумкин, бироқ аксарият ҳолларда ўзингиз ташаббусни қўлга олишингизга тўғри келади. Чунки кўпроқ аёллар романтикага ўч бўлишади, эрларга футбол бўлса… Лекин жуфтингизда иштиёқ уйғотишни яхши биласиз. Демак, ҳаракатни бошланг.

  • Аввало эрингизга ёқадиган, унинг энсасини қотирмайдиган тарзда таклифни ўртага ташлайсиз. Масалан, «Эрталаб ёқилғи қуйиш шохобчасида навбат катта бўлиши мумкин, юринг, ҳозир машинага ёқилғи қуйдириб келамиз». Ёки «Ошқозоним безовта қилаяпти, кечки овқат ҳазм бўлиши учун бир айланиб келайлик. Бир ўзим қўрқаяпман», дейишингиз мумкин.
  • Болаларни кимга қолдиришни аввалдан режалаштириб олинг.
  • Эрингизни дивандан қўзғата олсангиз, марра сизники.
  • Ёқилғи қуйиб қайтаётганда музқаймоқ еб олиш учун йўл четидаги қаҳвахонага ярим соатгагина кириб ўтишингиз мумкин-ку!
  • Бир ўргатиб олсангиз, ёқилғи ёки музқаймоқ баҳона ҳафтада бир учрашувга чиқиб келиш оилавий одатга айланиб қолади.

Учрашувларни мазмунан бойитиш учун…

Албатта, аёл киши бўлганингиз учун кўпроқ сиз гапирасиз. Бироқ мавзу рўзғор, болалар ташвишию дугонангизнинг туғилган куни тафсилотларидан холи бўлсин. Кўпроқ ҳар иккингиз учун қизиқ мавзуларни танланг. Кутилмаганда илк учрашган, сайр қилган кўчаларингиздан ўтиб қолсангиз борми?! Бундан ҳар иккингиз ҳам ажойиб завқ олишингизга имоним комил.

Тақвимга назар солинг!

Баъзида аввалдан режалаштирилган учрашувлар ҳам катта таассурот уйғотади. Кўпчилик жуфтликларнинг ўз саналари бор: илк учрашган кун, тўй санаси, тўнғич фарзанд туғилган кун. Буни фақат икковингизга тегишли кун ўлароқ режалаштириб, болаларни бувиларига қолдиринг-да, севимли масканингизга йўл олинг. Бундай учрашувни режалаштиришнинг ўзиёқ кишида романтик кайфият уйғотади. Демак, сиз муносабатларни янгилашни учрашувдан бир неча кун аввал бошлаб юборасиз.

Агар қизиқишларингиз мос келмаса…

У ҳолда «сиздан угина, биздан бугина» тариқасида иш тутиш мумкин. Бир сафар сиз иккита чипта олиб, уни Озодбекнинг концертига таклиф қилсангиз, кейинги сафар у сизни қизиқарли футбол матчига олиб боради. Бу ўринда ёқмаса ҳам, чидашга мажбурсиз. Ахир романтика хоҳлаяпсиз-ку?!

 

Мутахассис фикри

Шаҳноза ҲАЛИЛОВА, руҳшунос:Эркак — табиатан овчи. У романтика фақат мақсадга эришгунча ёки унга эришилган илк дамларда керак; шам ёғдусидаги зиёфат, гуллар, чиройли дил изҳорлари аёлни маҳв этиш учунгина ўйлаб топилган, деб ҳисоблайди. Муносабатларнинг романтик қисми эркакларни аёлларчалик қизиқтирмайди. Жуфтини тўла маҳв этганини ҳис қилгач, ортиқ хушомад шарт эмас, деган қарорга келади. Шунинг учун тўйдан кейин муносабатлар ёрқин рангларини йўқота бошлайди. Аёллар муносабатларнинг совуқлашганидан нолиб, эрга бу борада шикоят қилаверганлари сайин оралиқ масофа ҳам узоқлашаверади. Эркаклар «ундоқ қил, бундоқ қил», қабилидаги ақл ўргатишларни ёқтиришмайди. Лекин вақти-вақти билан романтика мавзусини унинг ёдига солиб қўйса бўлади. Бунда аёллик макрингизни ишга соласиз. Бир ўйлаб кўринг-чи, соч турмагингиз, кийиниш услубингизни охирги марта қачон ўзгартирган эдингиз? Аёл кишининг ташқи кўриниши, соч ранги тубдан ўзгарса, эрининг унга муносабати ҳам янги босқичга кўтарилади. У сизни мутлақо янги қиёфада кўради ва ногоҳон пайдо бўлган «янги аёл»нинг кўнглини олиш истаги туғилади. Ўз-ўзидан романтика яна ҳаётингизга кириб келади.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!